Паркинсон касаллиги ҳозирги замон нейрохирургия ва неврологиясининг энг долзарб муаммоларидан бири бўлиб, дунёда ҳар 1000 та одамдан 1-3 тасида (0,1-0,3%) кузатилади. Ўзбекистонда ҳам ушбу касаллик билан касалланганлар сони сўнги вақтларда ортиб бормоқда.
2023 йил 26 декабрь куни Самарқанд давлат тиббиёт университети қошидаги Нейрохирургия ва нейрореабилитация илмий-амалий марказида Туркиянинг Mediсal Park клиникаси профессори Саид Ўзтурк иштирокида мамлакатда биринчи марта янги жарроҳлик даволаш усули йўлга қўйилди.
СамДТУ ҳузуридаги Нейрохирургия ва нейрореабилитация марказида Паркинсон касаллигини хирургик даволашда 5 йилдан бери ушбу касаллик билан оғриб келаётган 63 ёшли беморнинг бош қисмига «чип» ўрнатиш орқали операция муваффақиятли амалга оширилди.