Жанубий Корея – соғлиқни сақлаш соҳасида дунёнинг пешқадам давлатларидан. Мамлакат тиббиёт бўйича АҚШ, Швейцария, Германия, Япония каби энг илғор давлатлар билан рақобатлашадиган даражага етди.
Сўнгги маълумотларга кўра, бу ерда аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлиги 83,5 ёшга тенг. Олимлар 2030 йилга бориб, ушбу кўрсаткич аёллар ўртасида 90 ёшга етишини прогноз қилмоқда. 60 йил муқаддам мазкур рақамлар бор йўғи 53 ёшни ташкил этгани инобатга олинса, Кореяда тиббий хизматлар сифати йил сайин жадал ўсиб бораётгани янада ойдинлашади. Бу, аввало, мамлакатда соҳа учун малакали кадрлар тайёрлаш, диагностика ва даволаш жараёнларига татбиқ этилаётган инновацион технология ҳамда илғор ёндашувлар билан боғлиқ.
Шу боис, ушбу давлат билан соғлиқни сақлаш соҳасида икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 16-18 декабрь кунлари Корея Республикасига ташрифи доирасида икки мамлакат раҳбарлари ҳузурида соғлиқни сақлаш соҳасида ҳукуматлараро битим имзолангани соҳа ривожида муҳим босқич бўлди. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, тиббиёт йўналишидаги ўзаро муносабатлар янада юқори босқичга кўтарилаётир. Қувонарлиси, ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш учун ҳар икки томонда имконият ва салоҳият етарли.
Юртимизда Корея Республикаси иқтисодий ривожланиш ва ҳамкорлик фонди (EDCF) иштирокида барпо этилган Болалар миллий тиббиёт маркази, Бухорода фаолият олиб бораётган “HIMCHAN” клиникаси икки томонлама ҳамкорликнинг ёрқин намунасидир.
Жанубий Кореянинг Эксимбанки билан биргаликда пойтахтимизда катталар учун мўлжалланган кўп тармоқли клиника, Миллий онкология маркази ва Корея университетлари иштирокида тиббиёт олий ўқув юрти бунёд этиш лойиҳалари соғлиқни сақлаш соҳасидаги муносабатларни изчил ривожлантириш имконини беради. Бинобарин, мамлакатимиз ҳудудларида жойлашган соғлиқни сақлаш муассасаларини Жанубий Корея маблағлари ҳисобидан сўнгги русумдаги тиббий жиҳоз ва технологиялар билан таъминлашга доир лойиҳалардан кутилаётган натижалар ҳам катта.
Корея халқаро соғлиқни сақлаш жамғармаси (KOFIH), Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (КОИCА) Ўзбекистон тиббиётидаги трансформация жараёнларини қўллаб-қувватлашга яқиндан кўмак бермоқда. Бундан ташқари юртимизда қўшма таълим дастурлари асосида мутахассислар тайёрлаш ва малакасини ошириш, ҳамкорликда илмий тадқиқотлар олиб бориш, биотехнология лабораторияларни ташкил этиш, соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштиришга қаратилган истиқболли келишувлар мавжуд.
Корея университети билан Тошкент тиббиёт академиясида соғлиқни сақлаш соҳасида таълимни такомиллаштиришга оид халқаро илмий грант доирасида ҳамкорлик қилиб келиняпти. Шу асосда академияда атроф-муҳит ва инсон саломатлиги кафедраси ҳамда замонавий илмий марказ ташкил этилиб, илғор лаборатория асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. Ҳар икки лойиҳа атроф-муҳитдаги зарарли ва хавфли моддаларни ўрганиб, уларнинг аҳоли саломатлигига таъсирини баҳолашга қаратилган. Шунингдек, бошқа олий ўқув юртлари билан алоқалар мустаҳкамланяпти. Ўз навбатида Жанубий Корея пойтахти Сеул шаҳрида Тошкент тиббиёт академиясининг расмий ваколатхонаси очилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, айни кунларда Ўзбекистон ҳукумати делегацияси таркибида Жанубий Кореяда хизмат сафарида бўлиб турган соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари ушбу соҳа бўйича ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш юзасидан музокаралар олиб бормоқда.
Ўзбекистон – Корея бизнес форуми ва унинг доирасидаги учрашувларда тиббиётимиз вакилларининг Корея Республикаси Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот вазирлиги масъуллари, Корея Эксимбанки, КОИCА ва қатор тиббиёт олий ўқув юртлари раҳбарияти билан учрашувлари режалаштирилган.
МАНБА:ЎзА