Соғлиқни сақлаш вазирлиги яна бир янги акцияни эълон қилди. Унга кўра, жорий йил 1 августдан 1 сентябргача юртимизда “Кексалар саломатлиги ойлиги” ташкил этилади.
Бу даврда мамлакатимиздаги нуроний отахон ва онахонлар малакали шифокорлар томонидан ўзлари истиқомат қилаётган ҳудудда чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади.
Хўш, бундан кўзланган мақсад нима?
Таъкидлаш лозимки, айни дамда юртимизда 55 ёшдан ошган 3 миллион 200 минг нафарга яқин пенсия ёшидаги нуроний юртдошларимиз умргузаронлик қилмоқда. Уларнинг саломатлигини тиклашда, албатта, ўз вақтида кўрсатиладиган сифатли тиббий хизматнинг ўрни бениҳоя муҳим.
Шу боис ушбу акция давомида тиббий текширув натижаларига мувофиқ аниқланган касалликлар бўйича давлат кўмагида кексаларнинг соғлигини мустаҳкамлаш чоралари кўрилади.
Бунинг учун дастлаб тиббий текширувдан ўтказиладиган нуронийлар рўйхати шакллантирилиб, улар ёши, жинси ва саломатлик ҳолатидан келиб чиқиб, тегишли гуруҳларга ажратилади.
Шундан сўнг акцияга жалб қилинган кекса ёшли инсонлар махсус тиббий бригадалар томонидан профилактик ва чуқурлаштирилган текширувлардан ўтказилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.