Мутахассислар маълумотига кўра, бугундан бошлаб Ер сайёрасида ўн тўрт кунлик магнит бўронлари кузатилиши мумкин. Бундан эса об-ҳавога сезгир инсонлар эҳтиёт бўлишлари лозим.
Олий тоифали шифокор Раъно Носирова магнит бўрони ўзи нималиги ҳамда унинг салбий таъсиридан қандай ҳимояланиш бўйича маълумотлар берди. Таъкидланишича, ернинг магнит майдони таъсири одатда инсонларга сезилмайди. Бироқ баъзан ушбу майдонда айрим одамлар ҳис этиши мумкин бўлган тебранишлар кузатилади. Бунинг асосий сабабчиси қуёшдир.
Яъни одатда унинг фаоллиги кузатилганда сайёрани магнит бўронлари қоплайди. Бу эса сурункали хасталикларга чалинган инсонлар саломатлигига салбий таъсир этиши мумкин. Айниқса, юрак-қон томир, асаб тизими касалликлари, қандли диабет ва бронхиал астма билан оғриётган беморлар бу ўзгаришларни кўпроқ ҳис этади.
Хусусан, артериал гипертония хасталиги бор одамларда қон босими кўтарилиб, аксинча гипотензив беморларнинг қон босими пасаяди. Қандли диабет билан оғриётган кишиларнинг қонида қанд миқдори ортади. Қолаверса, тананинг стрессларга чидамлилиги пасаяди. Оқибатда асаб тизими билан боғлиқ муаммоси бор инсонларда гормонлар ишлаб чиқарилиши кучайиб, асабийлик, ҳолсизлик, реакция сусайиши ёки кучайиши белгилари юзага келади.
Шунингдек, магнит бўронлари пайти баъзи одамларда ёруғлик ва баланд товушларга оғриқли реакция, уйқусизлик ёки аксинча уйқучанлик пайдо бўлади. Шу сабабли магнит бўронининг салбий таъсирларидан инсонлар ўзларини ҳимоялаши лозим. Бунинг учун, аввало, тўғри овқатланиш қоидаларига риоя қилиш зарур. Яъни ҳазми оғир таомлардан тийилиш, енгил егуликлар, хусусан, қайнатилган овқатлар, хўл мева ва сабзавотлар истеъмол қилиш тавсия этилади.
Қайд этилишича, кунлик таомномада туз миқдорини камайтириш керак. Чунки у қон босимини оширади. Шу билан бирга, жисмоний меҳнатни чеклаш, ақлий зўриқишлардан тийилиш мақсадга мувофиқ. Қолаверса, шу кунлари спиртли ва энергетик ичимликлардан мутлақо воз кечган маъқул. Тез-тез илиқ душ қабул қилиш ҳам магнит бўронининг салбий таъсирини енгишга ёрдам беради.
“Сурункали касалликларга чалинганлар ўзлари билан керакли дори-дармонларни олиб юришлари, ҳар бир препаратни шифокор назоратида қабул қилишлари ва қон босимини тез-тез назорат қилиб туришлари лозим”, — дейди мутахассис.