Ис газидан фавқулодда ҳолатларда жабрланган беморларга ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, унинг ҳудудлардаги филиаллари ва туманлардаги бўлимларида шифокорлар туну кун фаолият олиб бормоқда.
Марказ директори Дониёр Алимовнинг таъкидлашича, ис газидан жабрланган инсонга тезда биринчи ёрдам кўрсатиш керак. Сабаби, бу пайтда бемор ҳаёти «қил устида» бўлиб, ҳар бир сония қадрли. Салгина эътиборсизлик салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.
Бунинг учун биринчи навбатда «Тез ёрдам»га мурожаат қилиш, шифокор келгунига қадар жабрланувчини зудлик билан зарарланган ҳудуддан тоза ҳавога олиб чиқиш зарур.
Шунингдек, беморнинг қўл ва оёқларини кўтарган ҳолатда ётқизиш, нафас олишига халақит берувчи тугмаларни ечиб, ёқани очиш, камарни бўшатиш, жабрланувчининг ухлаб қолмаслигини назорат қилиш, тил орқага кетиб қолишининг олдини олиш учун уни ёнбоши билан ётқизиш, нафасни стимуллаш, кўкрак қафасини артиш, оёқ ва қўлларни иситиш, новшадил спирти ҳидлатиш, ҳушига келган вақтида йиқилиб, жароҳатланмаслиги учун чоралар кўриш, беморнинг ҳолати яхши бўлса, иссиқ чой ичириш, оғир ҳолатдаги заҳарланиш ҳолатларида жабрланувчига тиббиёт ходимлари келгунига қадар оғиздан оғизга нафас бериш, юрак ёпиқ массажини бажариш лозим.
Мутахассиснинг таъкидлашича, ис газидан заҳарланган одамни юргизиш мумкин эмас.
— Бемор кўринишидан қониқарли аҳволда бўлса ҳам, уни шифокор кўриши шарт, — дейди Д.Алимов. — Сабаби, ҳар доим ҳам касаллик белгиларига асосланиб, ҳақиқий заҳарланиш даражасини аниқлаб бўлмаслиги мумкин.