Ўтган ҳафта дунёда коронавирус пандемияси яна бир қадам ортга чекинди. Бу сўнгги ойларда сайёрамизда СOVID-19 билан боғлиқ эпидемиологик вазият барқарорлашаётганини англатади.
🦠 Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг сўнгги баёнотига кўра, 24-30 октябрь кунлари Ер юзида 2,3 миллиондан ортиқ кишига коронавирус ташхиси қўйилди. Улардан 9,3 минг нафардан зиёди хасталик оқибатида ҳаётдан кўз юмди.
Хўш, бу кўпми ё кам?
📉 Таҳлилларга кўра, бу даврда хасталаниш ҳолатлари ундан аввалги ҳафтага нисбатан 17 фоизга камайган. Хусусан, сезиларли пасайиш динамикаси Африка (-39 фоиз) ва Европа (-34 фоиз) мамлакатларида қайд этилди. Шимолий ва Жанубий Америка ҳамда Ғарбий Тинч океани минтақаси давлатларида эса кўрсаткичлар 5 фоиз ўсиши кузатилди.
📊 Шунингдек, ўтган ҳафтада COVID-19 дан ўлим статистикаси 5 фоизга камайди. Бу ҳолат асосан Европа (-31 фоиз) ва Шарқий Ўрта ер денгизи минтақаси мамлакатларида (-15 фоиз) рўйхатга олинди. Африка (+55 фоиз), Америка (+23 фоиз), Жануби-Шарқий Осиё (+13 фоиз) минтақасида эса бунинг акси қайд этилди.
24-30 октябрь кунлари энг кўп беморлар рўйхатга олинган мамлакатлар:
🇩🇪 Германия — 346 672,
🇯🇵 Япония — 281 974,
🇺🇸 АҚШ — 259 066,
🇨🇳 Хитой — 257 994,
🇰🇷 Жанубий Корея — 241 465.
Шунингдек, касалликдан қуйидаги мамлакатларда энг кўп бемор вафот этди:
🇺🇸 АҚШ — 3187,
🇷🇺 Россия — 567,
🇮🇹 Италия — 559,
🇧🇷 Бразилия — 553,
🇨🇳 Хитой — 489.