Шу кунларда Африка қитъасининг Уганда давлатида Эбола вируси тарқалмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Гебрейесус хасталик эпидемияга айланиб, бошқа ҳудудлар аҳолисига ҳам хавф солишидан жиддий ташвишда.
Аслида хавотирлар ўринсиз эмас. Чунки Уганда Соғлиқни сақлаш вазирлиги 20 сентябрь куни мамлакатда илк касалланиш ҳолати рўйхатга олинганини маълум қилган эди.
Бироқ орадан икки ҳафта ўтиб, вирус дастлабки ўчоғи бўлган — Мубенде туманидан тўртта қўшни туманга тарқалиб улгурди.
“Эболани жиловлаш осон кечмайди, — дейди ЖССТ раҳбари. — Бунинг учун биргаликдаги саъй-ҳаракатларни кучайтириш лозим. Қолаверса, хасталик ҳақида жамоатчиликни кенг хабардор қилиш эпедимияга қарши кураш самарадорлигини оширади.»
❗️Эслатиб ўтамиз, Эбола вирусининг яширин муддати 21 кунгача давом этади. Энг ёмони, уни юқтирганларнинг ўртача 50 фоизи касаллик оқибатида ҳаётдан кўз юмади. Ҳатто баъзи ҳолларда бу кўрсаткич 90 фоизга ҳам етган.