Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг сўнгги ҳисоботига кўра, дунёда сил касаллигининг дориларга чидамли тури кўпайиши кузатилмоқда.
Хусусан, ўтган йили Ер юзида 10,6 миллион нафарга яқин киши ушбу хасталикка чалинган. Бу 2020 йилги кўрсаткичларга нисбатан 4,5 фоизга кўпдир. Энг ёмони, туберкулёз оқибатида 1,6 миллион нафар бемор ҳаётдан кўз юмган.
Халқаро экспертлар фикрича, ўсиш тенденцияси пандемия оқибатлари билан боғлиқ бўлиши мумкин. Яъни СOVID-19 авж олган даврда аксарият мамлакатларда сил касаллигини аниқлаш ва даволашга ихтисослашган тиббиёт муассасалари коронавирус муолажаси билан банд бўлди.
Оқибатда кўп йиллардан бери кузатилмаган ҳолат — туберкулёзни юқтирганлар сони ошиши қайд этилди. Жумладан, 2021 йилда сил хасталигининг рифампицин препаратига чидамли тури 450 минг нафар беморда аниқланди. Бу ҳам 3 фоизлик ўсиш кўрсаткичидир.
‼️ Эслатиб ўтамиз, туберкулёз эрта босқичда аниқланмаса, бемор йил давомида 10-15 кишига бу хавфли инфекцияни юқтириши мумкин. Шу сабабли ЖССТ 2035 йилгача туберкулёздан ўлим кўрсаткичларини 95 фоизга камайтиришга доир стратегик мақсадни қабул қилган.