Европа мамлакатларида коронавирус билан боғлиқ эпидемиологик вазият ёмонлашмоқда. Бу ерда касалликни юқтирганлар сони кун сайин ошиб боряпти.
ЖССТ Европа минтақавий бюроси ва Касалликларнинг олдини олиш ва назорат қилиш бўйича Европа маркази раҳбарлари мазкур ҳолат юзасидан қўшма баёнот билан чиқди.
“Афсуски, қитъамизда яна кўрсаткичлар ўсишини кузатяпмиз. Бу COVID-19 пандемиясининг янги тўлқини бошланганидан далолат беради”, — дейилади ҳужжатда.
Қайд этилишича, минтақадаги иммунитети заиф кишиларнинг коронавирус ва мавсумий гриппга чалиниш эҳтимоли юқори. Бу эса беморлар сони кўпайиб, соғлиқни сақлаш тизими муассасаларига юкламалар кескин ошишига сабаб бўлиши мумкин.
Шунга қарамай, ҳар икки вируснинг олдини олиш ва тарқалиш кўламини чеклашда энг самарали восита, шубҳасиз, вакциналардир. Бироқ Европада ҳануз миллионлаб инсонлар CОVID-19га қарши эмланмаган.
‼️Шундан келиб чиққан ҳолда, ЖССТ биринчи навбатда, аҳолининг хавф гуруҳига мансуб қатлами эмланиши учун тегишли чоралар кўрилиши зарур, деб ҳисоблайди.