Пандемия бошланганидан буён 2,5 йилдан кўпроқ вақт ўтди. Ана шу даврда коронавируснинг такрорий эволюцияларини кузатдик. Инсоният янги-янги мутациялар билан юзлашмоқда.
Ўз навбатида, СOVID-19нинг клиник белгилари ва асоратлари ҳамон ўзгариб турибди. Шундан келиб чиқиб, касалликка қарши курашиш услублари ҳам янгиланяпти.
Мана, ҳозир дунёда “омикрон” штамми доминант версияга айланган. Аммо унинг субвариантлари рўйхати кенгайишда давом этмоқда. Бироқ айни шу мутацияларга хос асосий аломатлар грипп ва бошқа ўткир респиратор вирусли касалликлар симптомларидан фарқ қилмайди.
Хусусан, йўтал, иситма, томоқ оғриғи, ҳолсизлик каби белгилар ҳам коронавирус, ҳам ЎРВИга хосдир.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, аввалги штаммларда хасталикни аниқ ифодалаб турувчи яққол аломатлар бор эди. Беморларда ҳид ва таъм билиш қобилиятининг йўқолиши шулар жумласидан.
“Омикрон” вариантларида бундай симптомлар бор-йўғи 5 фоиз беморларда кузатиляпти, холос. Қолаверса, ҳозирги мутациялар аксарият ҳолларда пневмонияни келтириб чиқараётгани йўқ.
❗️Шифокорларнинг қайд этишича, айни кунда CОVID-19ни грипп ёки бошқа ўткир респираторли инфекциялардан ажратишнинг осон ва арзон йўли ПЗР ва экспресс тиббий тестлардир.
Тўғри, “омикрон”нинг айрим кичик штаммлари, чунончи, ВА 2.75 версияси билан касалланганлар тана, мушаклар ҳамда бел ва бош оғриғидан шикоят қилмоқда. Шунингдек, “кентавр” мутацияси аниқланган баъзи беморлар ёруғ муҳитда кўзларини очишга қийналяпти. Улар кўз гавҳарида оғриқларни ҳис қилмоқда.
Аммо бундай ҳолатларнинг умумий статистикадаги улуши жуда кам.