Маймун чечаги вируси қисқа муддатда дунёнинг катта қисмида тарқалиб улгурди. Айниқса, Америка, Европа ва Африка қитъаларида касалликдан азият чекаётганлар кўп.
Ҳозир бу инфекцияга хос асосий белгилар кўпчиликка маълум. Яъни хасталик тошма, иситма, чарчоқ, бош, томоқ ва мушаклар оғриғи, қусиш, диарея каби аломатлар билан намоён бўлмоқда.
Аммо вирус келтириб чиқариши мумкин бўлган оғир асоратлар хусусида ҳали етарлича маълумотга эга эмасмиз. Ваҳоланки, бу беморлар ҳаётини узайтириш ва саломатлигини тиклашда жуда муҳим.
Шундан келиб чиқиб, Буюк Британия олимлари махсус тадқиқот ўтказди. Унга мазкур касалликка чалинган 1,5 минг нафардан ортиқ киши жалб қилинди.
Метаанализ натижалари шуни кўрсатдики, маймун чечаги беморларда тутқаноқ, хотира йўқолиши ва энцефалит каби типик бўлмаган мия асоратларини келтириб чиқариши мумкин.
Тадқиқот давомида иштирокчилардан 2,7 фоизи тутқаноқ, 2,4 фоизи хотира йўқолиши ва 2 фоизи энцефалитдан азият чекаётгани аниқланди. Шунингдек, беморларнинг ярмидан кўпи депрессиядан шикоят қилган.
‼️Мутахассислар фикрича, гарчи маймун чечагининг оғир неврологик асоратлари кам кузатилса-да, бироқ унинг оқибатлари шифокорларни жиддий ташвишга солади. Демак, мазкур йўналишда қўшимча тадқиқотлар олиб бориш зарур!