Шу кунларда Америка Қўшма Штатларида эпидемиологик вазиятни ўнглаш кун тартибидаги муҳим масалага айланган. Бир томонда коронавируснинг янги тўлқини авжида. Кунига 100 мингдан зиёд кишига COVID-19 ташхиси қўйиляпти.
Бошқа томондан эса маймун чечаги вируси шиддат билан тарқалмоқда. Май ойидан буён 48 та штатда 7000 нафардан ортиқ бемор рўйхатга олинди. Шу боис АҚШ ҳукумати ушбу эпидемияни фавқулодда ҳолат, деб эълон қилди.
Ҳозир энг катта босим ихтисослашган клиникаларга тушмоқда. Беморлар сони кундан кун ортяпти. Вакциналар ва махсус тестлар танқислиги кўзга ташланмоқда.
Тўғри, мамлакатда шу кунгача касаллик оқибатида ўлим ҳолатлари кузатилгани йўқ. Аммо баъзи беморларда инфекция оғир ўтяпти. Бадандаги тошмалар кучли оғриқларни келтириб чиқараётгани туфайли стационар муолажаларга талаб ошиб бормоқда.
— Хасталикни антибиотиклар қабул қилиш билангина тезда бартараф этиб бўлмайди, — дейди Чикагодаги “Howard Brown Health” клиникаси шифокори Ану Ҳазра. — Шу боис даволаш жараёни узоқ вақт талаб этади. Оқибатда беморлар бир неча ҳафта давомида оғриқлар билан курашишга мажбур бўлмоқда.
Мутахассиснинг қайд этишича, май ойидан бери Чикагода касаллик аломатлари билан мурожаат қилувчилар сони геометрик прогрессия қонунияти асосида кўпаймоқда.
Ўз навбатида, инфекция табиати бирмунча ўзгарган. У энди нафақат жисмоний мулоқот, балки сочиқ ва чойшаб каби шахсий гигиена воситалари орқали ҳам юқиши мумкин.
Айни сабабдан мамлакатда касалликка қарши эмлаш компанияси давом эттирилмоқда. Қолаверса, Буюк Британия ва Испанияда вакцинация жараёнларига катта эътибор қаратиляпти.
Маймун чечагига чалинганлар сони 550 нафарга яқинлашиши оқибатида Италия ҳукумати ҳам инфекция тарқалишини эмлаш орқали жиловлашга қарор қилган. Бу ерда дастлаб 200 киши вакцинани қабул қилади. Яна 600 доза препарат қўллаш учун тайёр.