Маймун чечаги вирусидан энг кўп Европа аҳолиси азият чекмоқда. Ҳозиргача бу ерда рўйхатга олинган беморлар сони дунё бўйича тасдиқланган жами кўрсаткичнинг қарийб 90 фоизига тенг.
Хусусан, мазкур хавфли инфекция қитъанинг 31 мамлакатида қайд этилган. Шу боис Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси директори Ханс Клюге ҳукуматларни касалликка қарши ўзаро саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга чақирди. ЖССТ вакилининг таъкидлашича, шу кунга қадар маймун чечагидан Европада ўлим ҳолатлари кузатилгани йўқ. Аммо бу хотиржамлик учун асос бўлолмайди. Чунки тошма, иситма, чарчоқ, бош, томоқ ва мушаклар оғриғи, қусиш, диарея каби белгилар билан намоён бўлаётган мазкур хасталик географияси кун сайин кенгайиб боряпти.
Бундан ташқари, Европада кейинги бир ой ичида коронавирус инфекциясини юқтириш ҳолатлари ҳам уч баробар ошган. Айни пайтда “кўҳна қитъа”нинг 53 давлатида кунига 500 минг нафарга яқин кишида COVID-19 аниқланмоқда.
Шу билан бирга, ўлим кўрсаткичлари ҳам 2020 йил ёз мавсуми даражасига яқинлашди: кунига қарийб 500 киши коронавирус туфайли ҳаётдан кўз юмяпти.
Шу сабабли ЖССТ аҳоли ўз вақтида, тўлиқ босқичда эмланиши, қолаверса, жамоат жойларида ниқоб тақиб юриши зарур, деган хулосада.