Шу кунларда Ўзбекистонда юқори ҳаво ҳарорати кузатилмоқда. Табиийки, бундай жазирама иқлимда организм лоҳас бўлиб, кўпчиликнинг иштаҳаси пасаяди. Бироқ иссиқ об-ҳаво бир неча кун ёки ҳафталар давом этишини инобатга олсак, таомланмаслик саломатликка зарар етказиши ҳеч гап эмас.
Хўш, шундай экан, саратон кунларида қандай овқатланиш керак? Кунлик таомномада қандай егуликлар бўлиши мақсадга мувофиқ?
ССВ Матбуот хизмати ушбу мавзу юзасидан Тошкент тиббиёт академияси Овқатланиш гигиенаси ва болалар, ўсмирлар гигиенаси кафедраси профессори Гули Шайховага мурожаат қилди.
«Жазирама ҳавода кўпинча инсон организмида сув-туз алмашинувининг бузилиши, терлашнинг кучайиши, бунинг натижасида муҳим витаминлар ва минералларнинг йўқотилиши кузатилади. Албатта бундай шароитда тўғри овқатланиш нафақат танани иссиқдан совутишга, балки уни сув ва фойдали микроэлементлар билан тўйинтиришга ҳам катта ёрдам беради. Яъни, сувсизланиш, офтоб уриши ва бошқа кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олади, — дейди шифокор.
Шу боис ёз кунлари кўпроқ таомномага ҳўл мевалар ва хом ҳолатдаги сабзавот ҳамда улардан тайёрланган салатларни киритиш лозим. Чунки бу маҳсулотларнинг кўпчилиги чанқоқни қондиради ҳамда организмни керакли минерал моддалар ва витаминлар билан тўйинтиради. Лекин уларнинг калорияси кам ва куни билан сарф қилинган қувватнинг ўрнини боса олмайди. Организмга эса доимий оқсил моддалари зарур.
Бунинг учун гўшт ва унинг ўрнини босувчи баъзи (дуккакли) маҳсулотларни истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ. Бироқ, қовурилган, ёғли маҳсулотларнинг ҳазм бўлиши анча қийин экани сабабли қайнатилган ва умуман енгил ҳазм бўладиган гўштли таомларни ейиш тавсия қилинади. Хусусан, иссиқ кунларда мастава, қайнатма шўрва (ёғсиз), манпар ва шунга ўхшаш енгил ҳазм бўлувчи таомларни ейиш керак.
Шунингдек, ёз фаслида овқатланиш вақтини бироз ўзгартириш тавсия қилинади. Демак, эрталабки нонушта соат 7:00 да қилиниши, унда оқсил, ёғ ва углеводга бой ва юқори калорияли маҳсулотлар (творог, қаймоқ, сутли чой, мева, сабзавот, сувда пиширилган гўшт ва шунга ўхшаш маҳсулотлар) бўлиши ва бу жами кунлик рационнинг 35 фоизини ташкил этиши лозим. Тушликда енгил ҳазм бўлувчи биринчи таом, яъни мошхўрда, мастава, манпар, сувда ёки буғда тайёрланган котлетлардан иборат бўлса, нур устига аъло нур.
Дастурхонда, албатта, сабзавот ва мевалар, улардан тайёрланган салатлар, бодринг, помидор, пиёз, кўк пиёз, кўкатлар бўлиши керак. Ҳўл мевалардан тайёрланган шарбатлар таркибида эса шакар имкон қадар умуман бўлмаслиги лозим.
Ёзнинг иссиқ кунларида шўр балиқ, дудланган гўшт, консерва, тузли маҳсулотларни истеъмол қилиш умуман тавсия этилмайди. Чунки улар чанқаш ҳолатини янада кучайтиради.
Қолаверса, ёғли гўшт, аччиқ егуликларни таомномадан чиқариб ташлаш мақсадга мувофиқ. Чунки улар танада иссиқлик ишлаб чиқаришни янада кучайтириб, ҳазми қийин. Бу эса организмнинг иссиқлик билан курашиш ва метаболик жараёнларни тартибга солиш ўрнига, ҳазм учун энергия сарфлашига олиб келади.
Кечки таомлар ҳам жуда енгил ҳазм бўладиган суюқ овқатлардан иборат бўлиши керак. Бунинг учун қатиқ, кефир, олма, турли сабзавотлар ва шунга ўхшаш углеводларга бой бўлмаган маҳсулотларни истеъмол қилиш лозим.
Қовун ва тарвуз эса тушлик вақтида ейилса яхши бўлади. Чунки улар углеводларга бой ва организмга қувват беради. Айниқса, тарвуз чанқоқни босади.