Иссиқ жонимиз касаллигиданда кўра дори-дармонини кўпроқ ўйлаймиз, тўғрими? Врачга юзланар эканмиз, беихтиёр хаёлимизда: “Ишқилиб, самарали дори ёзиб берсинда” деган ўй кечади. Кимдадир дори воситаси организми билан реакцияга киришса, “сифатсиз дори” ишлаб чиқаргандан тортиб, уни ёзиб берган докторгача койиймиз.
Бироқ! Мамлакатимиз дорихона расталаридаги ҳар бир препарат ва ёрдамчи анжомлар чуқур таҳлилий синовлардан ўтказилишини қанчамиз биламиз? Мен ҳам Сиз каби бундан бехабар эдим.
“Uzpharm” агентлиги Ахборот хизмати томонидан Дори воситаларини стандартлаш илмий Марказига уюштирилган инфо-тур давомида кўплаб ўзимни қизиқтирган саволларимга жавоб олдим.
Аввало, марказ ҳақида: Дори воситаларини стандартлаш илмий Маркази дори воситалари сифатини ошириш, соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш Давлат дастурини амалга оширишда иштирок этиш, табиий ресурслар асосида маҳаллий дори воситалари яратиш ишларини жадаллаштириш ва республика ташкилотлари томонидан яратилган дори воситалари стандартлаш ишларини халқаро талаблар даражасига кўтариш мақсадида ташкил этилган.
Ушбу марказ бугунги кунга келиб “Agilеnt Tеxnologiеs”, “Sartorius”, “Shimadzu”, “Mettlеr Tolеdo”, “Methrom” каби дунёнинг етук илғор компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган замонавий лаборатория асбоб-ускуналари ҳамда “Mеrk” “Sigma Aldrich” компанияларининг 400 дан ортиқ кимёвий реагентлари билан жиҳозланган.
Бундан ташқари, Марказ Ўзбекистонда биринчи бўлиб дори воситаларини яратиш бўйича илмий тадқиқот ишларини амалга ошириш ва сифатини назорат қилиш, фармацевтика фаолиятини амалга ошириш учун лицензияга эга бўлди. Шунингдек, бу ерда Тиббий маҳсулотларни сертификатлаш идораси, Синов маркази, Илмий тадқиқотлар бўлими, Дори воситаларини замонавий таҳлил усуллари бўйича амалий ўқув тренинг маркази хамда аҳолига арзон ва сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида тиббий диагностика маркази ва клиник стационар ҳам фаолият олиб бормоқда.
Марказда чет эл фирмаларининг тажрибасидан фойдаланиш мақсадида ҳалқаро алоқаларга ҳам эътибор қаратилган. 2022 йил ҳисобида 7 нафар ходим Венгрия ва Туркия давлатларининг замонавий лабораторияларида ўз билим ва кўникмаларини ошириб қайтдилар.
Марказга шифобахш минерал сувларнинг физик ва кимёвий таркиби ҳамда ҳусусиятлари стандарт талабларига мувофиқлиги тўғрисидаги таҳлил натижаларига асосланган хулоса бериш ваколати ҳам берилган, яъники “бизда минерал сувлар бор” дея таъкидлаётган ҳар бир санаторий, дам олиш маскани ёинки “мен минерал сув ишлаб чиқараман” деган ҳар бир ишбилармон-тадбиркор маҳсулотлари намуналари бир эмас, бир неча ўнлаб параметрлар асосида текширилиб, кейингина сиафт сертификати берилади.
Яна бир эътирофга сазовор жиҳати шундаки, шу йилнинг 26 май санаси куни Синов маркази “Ўзбек Аккредитация Маркази” ДУК томонидан янги O’zDSt ISO/IEC 17025:2019 халқаро стандартига асосан аккредитациядан ўтган лаборатория мақомига эришди.
Марказда фаолият юритаётган умумий хисобда 104 нафар мутахассислар, Ўзбекистон ва хорижда ишлаб чиқарилган дори воситалари ва тиббий буюмларни сифатини назорат қилиш орқали ахолини сифатли ва хамёнбоп дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминланишига ўзларининг ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар. Бунинг натижасида маҳаллий фармацевтик маҳсулотларни экспорт қилиш имконияти янада кенгаймоқда.
20 йиллик илмий фаолияти давомида Марказ ходимларидан 10 нафари илмий ишлари учун материал тўплашди ва номзодлик диссертацияларини мувафаққиятли ҳимоя қилишди.
Илмий марказ Фармацевтика институтнинг иқтидорли талабалари, магистрлари ва илмий изланувчиларига илмий тадқиқот олиб бориш учун зарур имкониятларни яратиб, малакали кадрлар тайёрлаш жараёнида хам фаол иштирок этиб келмоқда.
Пресс-тур давомида қобиқли ва оддий “таблетка” дори воситаларидан тортиб, минерал сувлар, тиббий ёрдамчи анжомлар (бинт, пахта, резина қўлқоп)ларгача текширувдан ўтади.
Ундан ташқари дори воситаларнинг токсик таъсирини ўрганиш учун махсус назорат ва парваришдаги ҳайвонларда ҳам озорсиз тадқиқотлар ўтказилади.
Ҳар бир дармондори, дори воситалари халқ истеъмолига етиб келгунча текширувдан ўтказилади.
Журналист томонидан берилган саволларга жавоб берар экан, марказ директори Мирзаботир Ҳамдамов “Бизда ҳам шифокорлар сингари қасамёд мавжуд, шифокор хато қилса бир кишига зарар етказади, бироқ, биздан хатолик ўтса, халқ азият чекади. Ишимиз олдидаги масъулиятни жуда яхши англаймиз” дея таъкидлади.
Малохат АРТИКОВА
Мухбир