Бундан икки ой аввал дунёнинг баъзи мамлакатларида тарқала бошлаган номаълум инфекция болаларнинг жигарига зиён етказиб, оғир ҳолатларни келтириб чиқараётгани ҳақида хабар берган эдик.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Гебрейесуснинг сўнгги баёнотига кўра, айни пайтга келиб ушбу касалликни юқтирган ўғил-қизлар сони 700 нафардан ошган.
“Ҳозирча инфекция аниқланган мамлакатлар сони 34 тани ташкил этмоқда, — дейди у. — Қолаверса, яна 112 нафар кичик ёшли беморда текширувлар ўтказиляпти”.
Энг ёмони, мазкур хавфли хасталик оғир асоратларни келтириб чиқармоқда. Хусусан, 10 нафар бола инфекция оқибатида ҳаётдан кўз юмган, 8 нафари эса жигар трансплантациясига муҳтож. ЖССТ бош директорининг таъкидлашича, касаллик бундан ҳам кенгроқ кўламда тарқалиб улгурган бўлиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, бу номаълум хасталик сарғайиш, диарея ва қорин оғриғи каби умумий белгилар билан намоён бўлмоқда. Қолаверса, баъзи ҳолларда иситма, томоқ оғриғи, йўтал ҳамда ошқозон ва ичаклар яллиғланиши каби асоратларни ҳам келтириб чиқаряпти.