D.DITTO: — Кўпчилик мендан Дубайга келиб яшаш ҳақида сўрашади. Мен уларга нима деган бўлардим? Мен ҳар доим таваккалчи инсон бўлганман! Дубайга келишда ҳам, таваккал қилганман, десам ҳам бўлади. Аммо, мен ҳамиша ўз олдимга мақсад қўйганман ва доимо ўша мақсадларимга эришиб келганман.
Дубайга келишимдан аввал ҳам, “Дубайда яшайман” деб мақсад қилгандим. Лекин, Дубайда яшаш осон эмас! Биринчи навбатда инглиз тилини билиш керак! Ҳеч бўлмаса, инглиз тилида бироз гаплашишни билиш зарур. Чунки, тил билмасангиз, жуда ҳам қийналасиз.Иккинчидан албатта, бироз пул билан келиш керак. Ҳеч бўлмаса, дастлабки вақтларда яшаш ва турар-жой, озиқ-овқат учун пул керак бўлади. Чунки, келган одам бир ойда иш топадими, йўқми, буниси аниқ маълум бўлмайди.
Бу ерда ҳамма нарса онлайн, шу жумладан резюме ҳам! Демак, табиийки компьютерни, телефонда ишлашни ҳам яхши билиш керак. Иш берувчига онлайн тарзда резюме юборасиз ва сизнинг номзодингиз қизиқ бўлсагина, ўзлари чақиртиришади. Дастлаб, 3 та суҳбатдан ўтасиз! Яъни, оғзаки савол-жавоблар бўлади, “қаердансан, кимсан” каби, резюмедаги саволлар бўйича суҳбат қилинади.
Иккинчиси, ундан юқорироқ, учинчиси эса, ўша ишга ўтишингизни ҳал қиладиган суҳбат бўлади. Шунинг учун ҳам, инглиз тилини билиш жуда муҳим! Чунки, ҳар бир ишда мулоқот бор! Инглиз тилини билмасангиз, одамлар билан мулоқотда бўла олмайсиз. Демак, Дубайга келиб яшаш, ишлаш учун ҳам билимли бўлиш, инглиз тилини пухта ва тўлиқ билиш, компьютер, телефонда ишлашни билиш шарт! Ишга жойлашганингиздан кейин, ўртача ойлик, 800-1000 минг доллар бўлади. Аммо, тўғриси бу Дубай шароити учун кам. Агар номи чиққан, савдо-сотиқ бўйича фаолияти яхши кетаётган компанияга жойлашсангизгина, ойига 3-4 минг доллар маош олиш мумкин.
Шундай ишларга жойлашган ўзбеклар ҳам бор. Масалан, Apple га! Уларга қўшимча равишда, ёки маош ўрнида компания акцияларидан беришади. Кейин ўша акциялар нархи ошганда, улар фойда ола бошлашади. Бунинг учун ҳам, ақл ва билим керак! Чунки, билимсиз ходим бу ерда ҳеч кимга керак эмас! Дубайда бизнеслар кўп, яшаса бўлади, лекин бунинг учун меҳнатдан, изланишдан қочмаслик керак! Дангаса одам ҳеч қаерда ҳеч нарсага эриша олмайди, буни тўғри тушуниш керак. Дубайда мусофирлар кўп, мен улардан ҳам кўп нарса ўрганганман. Кўпчилик айтади, “қандай қилиб, Дубайда шунча кўп нарсага эришгансиз?” деб! Сабаби, менда авваламбор билим бор эди! Мен ўзига тўқ, зиёли оилада ўсганман!
Иқтисодиёт лицейи ва Иқтисодиёт университетини тугатганман. Бизнес ва спортга ёшлигимдан қизиққанман! Дубайга муҳтожликдан бориб қолганим йўқ! Мен “Дубайда яшайман ва бизнес қиламан”, деб борганман! Буни фарқи катта! Тўғри, Дубайга борганимда, чўнтагимда фақат 100 доллар бор эди! Масжидда ва машинада тунаб қолган кунларим ҳам бўлган. Мен ҳам қийналганман. 15 доллардан кунига турар-жой учун тўлаганман. Аммо, тушкунликка тушмай, ўз олдимга қўйган мақсадим сари интилганман!
“Ҳаракат қилишим керак, мақсадларим сари интилишим шарт! Ўз олдимга қўйган ниятларимга эришсам юзим ёруғ бўлади!” деб, астойдил ишониб ҳаракат қилганман. Яширмайман Дубайга келган илк кунларим ҳамюрт укаларимнинг уйида яшаганман ҳам. Уларга раҳмат. Ҳамюрт укаларим, танишларим маслаҳатига кўра, дастлаб, аэрапортга чиқиб тирикчилик қилганман! Бундан уялмайман, чунки меҳнатнинг айби йўқ!
Йигит кишига 40 ҳунар оз! Мен Ўзбекистонда ҳам бизнесга қизиққан эдим. Чунки, минг ўзига тўқ, бадавлат оилада ўсган бўлсангиз ҳам, инсонни, айниқса, йигит кишини ўзи пул топиши керак! Отангизни топганини ишлатиб, керилиб юравермайсиз-ку, тўғрими? Вояга етдингизми, демак, ўзингиз меҳнат қилиб пул топишингиз шарт! Мен шунинг учун Ўзбекистонда ҳам, ўз бизнесим билан шуғулланганман.
Кейин эса, Дубайда Ўзбекистондан озгина инвестиция киргазиб, ўша пулларга Дубайдан телефон олиб, бошқа ёқларга чиқариб, бу ерда шу орқали дастлаб пул топа бошлаганман. Кейин брокерлик офисини очганман! Кейинчалик бизнесимни ўзимнинг энг қизиққан соҳам спорт билан боғлаш учун ҳам, Дубайда спорт зал очдим. Залимни эшиги ҳамиша ўзбек йигитлари учун очиқ! Спортга қизиққан, жаҳон ареналарига чиқишни истаган ёшларни, имкон қадар қўллаб-қувватлайман.
Менга ҳеч нарса осмондан тушиб қолмаган! Ўз-ўзидан ҳам бўлиб қолмаган! Мен одамларнинг гап-сўзларига аҳамият бермайман! Гап-сўзларга аҳамият берганимда, аллақачон касал бўлиб, бошқа ишлар қилиб юрган бўлардим… Мен жуда ҳам қатъиятлиман, ўз олдимга мақсад қўйдимми, эришмай қўймайман. Қоқилсам ҳам, биламан-ки, демак эртага шу ерда чуқур бор ва мени уни ёнидан ўтиб кетаман. Дубайга келиб яшамоқчи бўлганларга эса, шахсий фикрим, бу ерга келиб яшамоқчи бўлсангиз, билинг-ки, бу ерда минг ҳамма нарсага эришсангиз ҳам, юрт, Ватан соғинчини енга олмайсиз!
Биринчи навбатда шунга тайёр бўлинг! Мени ишим, бизнесим Дубай билан боғлиқ, шунинг учун ҳам шу ерда яшаяпман. Лекин, доим ўзбек тилида Ватан ҳақидаги қўшиқларни қўйиб, эшитиб, ўзимни Ўзбекистонда деб ҳис қиламан ва шу билан соғинчни енгиб яшаяпман.