9.9 C
Узбекистан
Вторник, 26 ноября, 2024

Қуёш энергетикасидан фойдаланишнинг устивор йўналишлари: тўқимачилик саноати мисолида

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
7,060участниковПодписаться
- Advertisement -

Саноат табиат билан бевосита ҳамкорликда ишлайдиган тармоқ. Масалан, инсоният хомашё, айтайлик, пахта, каноп етиштириш учун энг сара, серҳосил ерларни табиатдан «ижарага» олади. Сунъий ип ишлаб чиқариш учун эса нефть, газ сингари қайта тикланмайдиган табиий бойликларни ўзлаштиради.  Ер бағрини ўйиб, қимматга эга тоши борки, қазиб олади. Ҳайвонот олами вакилларининг терисига даъво қилади. Суягини ҳам тинч қўймайди.

Бу муносабатларни фақат одам боласи «ҳамкорлик» деб атайди. Табиат бу борада бошқача фикрда бўлса керак.  У кўп асрлар мобайнида металлургия, кимё ва целлюлоза-қоғоз саноати, кўнчилик, мўйнадўзлик, пойабзал ишлаб чиқарувчилардан етаётган зарарни ички заҳиралари эвазига тўлдириб келди. Энди эса саноат ривожлангани сайин кучайиб бораётган бу зулмни бартараф қилишга қуввати етмай, ҳолдан тойиб боряпти. Табиатга зарар етказишда, афсуски, тўқимачилик тикув-трикотаж соҳаларининг ҳам ҳиссаси бор.  Бу, айниқса, мато бўяш, тўқиш, гул босиш, бўёқ тайёрлаш сингари жараёнларда яққол кўзга ташланади.

Тан олиш керак, замонавий  тўқимачилик саноати кислоталар, ишқорлар, оксидловчи, тикловчи моддалар, бўёқларсиз ишлолмайди. Кимёвий технологиялардан бутунлай воз кечиш деярли имконсиз. Замонавий саноатнинг талаби шу.

Масалан, Европадаги матоларга пардоз берадиган энг оддий, ўртаҳол фабрика ўртача 100 турдаги бўёвчи моддалардан фойдаланади. Умуман олганда, турли манбаларга кўра, тўқимачилик саноатида олти мингдан ортиқ бўёқ турлари ишлатилади. Уларнинг барчаси зарарли бўлиб, таркибида оғир металлар ҳам мавжуд.

Тўқимачилик саноатининг атроф-муҳитга етказадиган зарари, биринчи навбатда, унинг тупроқ, сувга нисбатан таъсирида ифодаланади. Билвосита таъсири эса соҳанинг жуда катта миқдорда электр энергияси ишлатиши ва бунинг ортидан сайёрамизнинг энг оғриқли муаммоси — иссиқхона эффектини янада кучайтиришида намоён бўлади. Айрим манбаларга кўра, дунёдаги парник газларининг 8 фоизи тўқимачилик саноати ҳиссасига тўғри келади.

Тўқимачилик маҳсулотларига ишлов бериш, бўяш, гул босиш жуда катта миқдорда сув ва электр энергияси талаб қилади. Ғарбий Европа меъёрларига кўра, 1 килограмм мато учун ўртача 100 литр сув, 0,5 кг кимёвий модда ва 15-20 квт электр энергияси сарфланади.  МДҲ давлатларида бу кўрсаткич янада юқори. Тўқимачилик корхонаси 1 кг маҳсулотга ишлов беришда 5 кг кислород ишлатади ва ундан 7 кг карбонат ангидрид ҳосил бўлади.

Матони оқартириш, бўяш, унга гул босиш жараёнида ишлатилган кимёвий моддаларнинг катта қисми ювиш пайтида сув билан бирга чиқиб кетади ва оқава сувларга қўшилади. Мато бўялганида, пардозланганида, шунингдек, дастгоҳлар ювилганида кимёвий фаол бўёвчилар оқимга тушади ва оқава сувлар, сув омборлари, дарёларни зарарлайди, тупроққа сингиб қолади.

Албатта, деярли ҳар бир корхона ўзининг чиқинди сувларни тозалаш тизимига эга. Лекин улар ҳам вақти келиб эскиради; алмаштиришга эса маблағ етишмайди. Бу эса экологик вазиятни янада ёмонлаштиради, инсон саломатлигига салбий таъсир қилади.   

Булар йилига Ўзбекистонда ҳосил бўлаётган ва тахминан 80 млн тоннани ташкил этадиган саноат чиқиндилари таркибига кирмаган экологик муаммолардир. Уларга қарши нафақат Ўзбекистон, балки дунёнинг барча мамлакатлари изчил кураш олиб боришяпти.

Масалан, турли қитъаларда фаолият кўрсатаётган тўқимачилик корхоналари бўяш, гул босишда ишлатиладиган бўёқлардан такроран фойдаланиш йўлларини қидиришяпти. Баъзилари оқартириш, бўяш ва ювиш ускуналаридан чиқадиган иссиқлик,  қуритиш дастгоҳларидан ажраладиган газ оқимларини «жиловлаб», яна ва яна ишлаб чиқаришга йўналтириш пайида.

Қачонлардир тўқимачиликда фақат табиий бўёқлар ишлатиларди. Лекин 1850 йилларда – нисбатан арзон сунъий бўёқлар яратилгач, табиат бу жангни кимёга бой берганди. Сўнгги йилларда дунёнинг турли мамлакатларида сунъий бўёқларни ўсимлик барглари, гуллар, илдизлар, сув ўтлари, балиқларнинг айрим турлари, хатто метаболизм даврида муайян бўёқлар чиқарадиган бактериялардан олинган моддалар билан алмаштиришга уринишлар авж олиб боряпти. Бу ижобий жараён.

Франция, Германия каби давлатлар  сув ресурсларини ифлосланишдан сақлаш мақсадида йирик саноат шаҳарларида иккита сув қувури тизимини яратишди. Биттаси ичимлик суви билан таъминлашга хизмат қилса, бошқаси саноат эҳтиёжлари учун ишлайди.

ЕИ таркибига кирган давлатларда эса, хатто, жуда катта миқдорда сув ва электр энергияси истеъмол қиладиган соҳалар – тўқимачилик, металлургия корхоналаридан баъзиларини ёпишгача боришди. Дунё тўқимачилик саноатида ривожланган мамлакатларнинг улуши камайиб, бу соҳа асосан ривожланаётган давлатларда кўпроқ тараққий этаётгани сабабларидан бири ҳам шундадир.

Тўқимачилик саноати миллий иқтисодиётининг стратегик аҳамиятга эга йўналишларидан бири ҳисобланган Ўзбекистонда ҳам маҳсулот бўяш, тўқиш, гул босишга ихтисослашган корхоналардаги экологик муаммоларни ҳал қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, оқава сувларни мукаммал тозалаш технологияларига эга корхоналар сони кўпаймоқда.  «Ўзбектўқимачиликсаноат» уюшмасининг таъкидлашича, 2023 йил якунига қадар юртимиздаги қирққа яқин тўқимачилик корхоналарида ҳам  кунлик умумий қуввати 45,0 минг м3 дан ортиқ оқава сувни тозалаш иншоотларини модернизация қилиш ва замонавийларини қуриш бўйича лойиҳалар амалга оширилади. Албатта, бу каби  ташаббуслар кўлами кишини қувонтиради. Шу билан бир қаторда, янада кўпроқ эътибор беришни тақозо этадиган бошқа  масалалар ҳам бор.

Биринчидан, тўқимачилик саноатида ишлатиладиган сувга қайта тикланувчи ресурс сифатида қараш керак. Яъни,  ишлатилган сувни тозалаб, ундан такроран фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш лозим. Бу эса сув ҳаракатланишининг айланма тизимини яратиш, мавжудларини такомиллаштиришни талаб қилади.

Иккинчидан, тўқимачилик саноати жуда катта миқдорда электр энергияси истеъмол қиладиган тармоқлардан саналади. Бу эса атмосферани ифлослантирадиган, глобал иссиқлик эффектини чуқурлаштирадиган экологик хавфлардан биридир. Қолаверса, тўқимачилик соҳасида табиий газ билан ишлайдиган дастгоҳлар ҳам талайгина.

 Мана шу икки эътиборталаб масалани ижобий ҳал қилишда муқобил энергия манбалари, жумладан, қуёшдан олинадиган соф энергиядан муваффақиятли фойдаланиш мумкин. Бу эса 2030 йилгача қайта тикланадиган манбалардан олинадиган электр энергияси ҳажмини 25%га етказишни режалаштирган Ўзбекистон ва унинг тўқимачилк саноат учун ҳақиқий инқилобий юриш бўлган бўларди.

Мамлакатимиздаги тўқимачилик корхоналарини босқичма-босқич қуёш панелларига ўтказишни бошлаш керак.

Муқобил энергетикани ривожлантиришдан манфаатдор ва тўқимачилик соҳасига алоҳида ғамхўрлик қилаётган ҳукумат бу борада қуёш энергиясига ўтишни истаган корхоналар учун енгилликлар тақдим этса мақсадга мувофиқ бўларди.

Оқава сувларни тозалаш,  бўяш, гул босишда ишлатилган сувни тозалаб, қайта фойдаланиш, қуёшдан олинадиган муқобил энергетика таъминотига ўтиш саноатнинг атроф-муҳит, инсон саломатлигига етказаётган зарарини кескин камайтиришга имкон беради.

Ҳеч кимга сир эмаски, табиий ресурсларнинг туби кўриниб қолган ҳозирги замонда инсоният келажаги, том маънода, муқобил энергия манбаларига боғлиқ. Лекин бу оламшумул масалалар ечими ҳамжиҳатликни, яъни иштиёқманд тўқимачилик корхоналари, изланувчан олимлар, жонсарак экологлар, мувофиқлаштирувчи куч сифатида ҳукумат, унинг ҳудудлардаги вакили сифатида маҳаллий ҳокимликларнинг бир мақсад йўлидаги ҳамкорлигини  талаб қилади.

Саидвали Хакимходжаев
«TURON TEX» МЧЖ директор ўринбосари

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Бахтиёр Саидов Исроил элчисига Цви Коганнинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Исроилнинг Ўзбекистондаги элчиси Гидеон Лустиг билан учрашиб, Цви Коганнинг вафоти муносабати билан “чуқур...

Больше похожих статей

×