Қирғизистон Ўзбекистонга мамлакатдан картошка импортида қўшилган қиймат солиғини (ҚҚС) бекор қилишни таклиф қилди. Ташаббус икки давлат қишлоқ хўжалиги вазирлари ўртасидаги учрашувда муҳокама қилинди.
Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизматининг хабарига кўра, ушбу таклифни Сув ресурслари, қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш саноати вазири Эрлист Акунбеков ўзбекистонлик ҳамкасби Иброҳим Абдураҳмонов билан музокараларда илгари сурган.
Томонлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдосини кенгайтириш ва уларни етказиб бериш тартибини соддалаштириш масалаларини муҳокама қилган.
Ўзбекистон томони Қирғизистондан картошка ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини олиб кириш учун «яшил йўлак» ташкил этишга кўмаклашишга тайёрлигини билдирган.
Бундан ташқари, вазирлар Қирғизистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлаш бўйича қўшма корхона ташкил этишга келишиб олган. Лойиҳани молиялаштириш учун Қирғизистон–Ўзбекистон тараққиёт жамғармаси маблағларини жалб қилиш режалаштирилмоқда.
Ҳамкорликнинг яна бир йўналиши Қирғизистонда уруғлик етиштириш ва кейинчалик уни Ўзбекистон бозорида сотишдан иборат.
Шу билан бирга, ҚҚСни бекор қилиш бўйича ҳозирча якуний қарор қабул қилинмаган. Ташаббусни амалга ошириш муддатлари ва қўшма корхонага киритиладиган инвестициялар ҳажми ҳам аниқлаштирилмаган.
Аввалроқ Қирғизистон президенти Садир Жапаров маҳаллий фермерларнинг мурожаатларидан сўнг картошка экспортига ҚҚСни бекор қилиш масаласини кўриб чиқиш бўйича топшириқ берган эди.


