Нукусда ташкил этилаётган Қорақалпоғистон илмий-амалий тиббиёт академияси фаолиятини ҳали тўлиқ бошламасиданоқ халқаро ҳамкорликка кенг йўл очмоқда.
Академия дастлабки кунларданоқ фақат минтақавий тиббиёт муассасаси эмас, балки хорижий илмий ва тиббий марказлар билан ҳамкорлик қиладиган халқаро платформа сифатида шаклланмоқда.
Унинг ҳамкорлари орасида АҚШнинг Питтсбург университети, Германиянинг Фрайбург университети, Гарвард университети клиникаси, Ҳиндистоннинг Apollo Hospitals тармоғи, Иорданиянинг Jordan Hospitals муассасалари, Озарбайжоннинг Almaz клиникаси, Москва бошқарув мактаби «Сколково», Рига Нордик университети ҳамда Санкт-Петербургдаги Алмазов номидаги клиника бор.
Хорижий тиббиёт ва таълим марказлари билан қўшма илмий тадқиқотлар ўтказиш, халқаро ўқув курсларини ташкил этиш, телемедицина ва рақамли таълим технологияларини жорий қилиш режалаштирилган.
Академиянинг фаолияти ва уни тўлақонли ишга туширишга тайёргарлик жараёни билан Президент Шавкат Мирзиёев ҳам танишди.
Мутахассисларнинг халқаро тажрибасини бирлаштириш, замонавий тиббий технологияларни жорий этиш ва илмий тадқиқотларни ривожлантиришга қаратилган бундай ҳамкорлик Қорақалпоғистон тиббиёти учун янги имкониятларни очмоқда.
Бир вақтлар экологик муаммолар билан кўпроқ тилга олинган ҳудуд бугун халқаро тиббий ҳамкорлик марказларидан бирига айланиш сари қадам қўймоқда.
Нукусдаги янги академия ана шу жараённинг муҳим нуқталаридан бири бўлиши кутилмоқда.


