Андижон вилоятидаги «Андижон сув таъминоти» АЖнинг туман филиалларидан бири раҳбари катта миқдорда пора талаб қилганликда гумон қилинмоқда.
Маълум қилинишича, филиал бошлиғи ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, мансабдор танишлари орқали 1983 йилда туғилган фуқаронинг янги қурилган хонадонига оқова сув тармоғини тортиш учун рухсатнома олиш ҳамда канализация насосини ўрнатишда ёрдам бериш эвазига 8,5 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ушбу маблағ эвазига тегишли рухсат ҳужжатларини расмийлаштириш ва муҳандислик тармоғига уланиш жараёнини ҳал қилиб бериш ваъда қилинган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан мазкур ҳолат юзасидан тезкор тадбирлар ўтказилган. Ҳозирда воқеанинг барча ҳолатлари ўрганилмоқда ва қонунчиликда белгиланган тартибда процессуал чоралар кўрилмоқда.
Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.


