Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги 271-мактаб ҳудудида ноқонуний ўрнатилган тўсиқлар ва қурилмалар демонтж қилинди. Қонунбузилиш ҳолатлари 31 июль куни таълим муассасалари ерлари, болалар майдончалари ва спорт иншоотларидан ноқонуний фойдаланишнинг олдини олишга қаратилган текширувлар давомида аниқланган.
Маълум бўлишича, мактабга қарашли қарийб 4 минг квадрат метр ер майдонининг бир қисми 2024–2025 йилларда «ASIAN SCHOOL» МЧЖга ижарага берилган. Шундан сўнг ҳудуд тўсиб қўйилган бўлиб, бу ўқувчилар ва маҳалла аҳолиси учун ноқулайликлар туғдирган.
Текширув якунларига кўра, барча ноқонуний тўсиқлар ва иншоотлар демонтж қилинди. Ер участкаси аввалги ҳолатига келтирилиб, мактаб ихтиёрига қайтарилди.
Масъуллар қайд этишича, ерларни ноқонуний эгаллаб олиш ҳолатларини аниқлаш ва бартараф этиш, шунингдек, жамоатчилик манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ишлар давом этмоқда. Ваколатли идоралар маълумотига кўра, бу тадбирлар Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёеванинг топшириғи асосида амалга оширилмоқда.


