Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Арманистон Бош вазири Никол Пашинянга мамлакатда бўлиб ўтган парламент сайловларида «Фуқаролик шартномаси» партиясининг ғалабаси муносабати билан табрик йўллади.
Арманистон ҳукумати матбуот хизмати маълум қилишича, давлат раҳбари ўз мактубида сайлов натижалари армян халқининг Никол Пашинян олиб бораётган ички ва ташқи сиёсатга бўлган юқори ишончининг амалий тасдиғи эканини таъкидлаган.
Табрик мактубида, шунингдек, Пашиняннинг Жанубий Кавказда тинчлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатлари ҳам эътироф этилган.
Президент Мирзиёев Ўзбекистон ва Арманистон ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни келгусида ҳам изчил кенгайтириш учун икки давлат биргаликда ҳаракат қилишини билдириб, мавжуд ҳамкорлик салоҳиятидан самарали фойдаланиш муҳимлигини қайд этган.
Давлат раҳбари Никол Пашинянга мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат ва давлатчилик фаолиятида муваффақиятлар, Арманистон халқига эса тинчлик ва фаровонлик тилаган.
Маълумот учун, Арманистонда парламент сайловлари 7 июнь куни бўлиб ўтган. Мамлакат Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, Никол Пашинян бошчилигидаги «Фуқаролик шартномаси» партияси сайловчиларнинг 49,8 фоиз овозини қўлга киритган.
Иккинчи ўринни тадбиркор Самвел Карапетян раҳбарлигидаги «Кучли Арманистон» партияси 23,3 фоиз натижа билан эгаллаган. Учинчи ўрин эса мамлакатнинг собиқ президенти Роберт Кочарян бошчилигидаги «Арманистон» блогига насиб этган бўлиб, у 9,9 фоиз овоз тўплаган.

