Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Ислом цивилизацияси маркази фаолияти натижалари ҳамда унинг келгусидаги ривожланиш истиқболлари билан танишди.
Тақдимотда таъкидланишича, жорий йил 17 март куни янги биносида очилган марказ қисқа вақт ичида мамлакатдаги энг йирик маданий-маърифий масканлардан бирига айланган. 1 июнь ҳолатига кўра, марказга 500 мингга яқин киши ташриф буюрган. Улар орасида маҳаллий аҳоли ва хорижий меҳмонлар бор. Марказ ҳар куни ўртача 6 мингга яқин ташриф буювчини қабул қилмоқда.
Шу давр мобайнида марказга 150 дан ортиқ хорижий делегация ва 2 мингдан зиёд хорижий меҳмонлар келган.
Марказ тузилмасида Болалар музейи, Имом Бухорий номидаги инновацион музей ҳамда Имом Мотуридий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолият юритмоқда. Ташриф буюрувчилар учун профессионал гидлар хизмати йўлга қўйилган.
Илмий соҳада ҳам сезиларли натижаларга эришилган. Ҳозирга қадар 2 мингга яқин маҳаллий ва хорижий тадқиқотчилар иштирокида 810 та илмий ва инновацион лойиҳа амалга оширилган. Шунингдек, марказда конференциялар, семинарлар, давра суҳбатлари ва китоб тақдимотлари ўтказилиб, уларда 5 мингдан ортиқ иштирокчи қатнашган.
Маданий меросни асрашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистонга 1000 дан ортиқ тарихий артефакт қайтарилган. Кутубхона фондида 3 мингдан ортиқ ноёб қўлёзмалар сақланмоқда, уларнинг 762 таси имконияти чекланган шахслар учун мослаштирилган. Фондни рақамлаштириш ва замонавий сақлаш тизимларини жорий этиш ишлари давом этмоқда.
Марказ фаолиятида инновацион технологиялар ҳам қўлланилмоқда. Меҳмонлар учун робот-гидлар ишга туширилган, экспозициялар мультимедиа ва интерактив тизимлар билан жиҳозланган. Шунингдек, Ислом цивилизацияси маркази дунёдаги энг йирик ислом цивилизацияси музейи сифатида Гиннес рекордлар китобига киритилган.
Тақдимотда муассасанинг келгусидаги ривожланиш режалари ҳам муҳокама қилинди. Илмий журнални Scopus ва Web of Science халқаро базаларига киритиш, илмий марказларни ягона рақамли платформага бирлаштириш ва қўлёзмаларнинг электрон каталоги яратиш устувор вазифалар сифатида белгиланди.
Шунингдек, диний-маърифий соҳада магистрант ва докторантлар учун «Исломий маърифат» стипендиясини жорий этиш режалаштирилган. Яқин йилларда марказ фаолиятига 20 мингга яқин ёшларни жалб этиш кўзда тутилмоқда.
Хорижий музейлар, хусусий коллекциялар ва халқаро аукционлардан Ўзбекистон маданий меросини қайтариш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу мақсадда ноёб артефактларни излаш ва қайтариш бўйича ягона рақамли база ва халқаро реестр яратилади.
Халқаро ҳамкорлик доирасида Нью-Йорк, Женева ва Парижда БМТ ҳамда ЮНЕСКО штаб-квартираларида илмий меросга бағишланган тақдимотлар ўтказиш режалаштирилган.
Якунда Президент марказни Ўзбекистоннинг бой тарихий мероси ва маърифий анъаналарини дунёга намоён этувчи ноёб платформага айлантириш зарурлигини таъкидлади. Тегишли идораларга марказнинг илмий, таълимий, нашриёт ва халқаро фаолиятини янада ривожлантириш бўйича вазифалар юклатилди.

