Ўзбекистон суд тизимида коррупциянинг олдини олиш, манфаатлар тўқнашувини барвақт аниқлаш ва уни тартибга солишга қаратилган янги институт — Комплаенс назорат хизмати жорий этилади. Бу Президентнинг “Судларда комплаенс назорат тизими самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланди.
Ҳужжатга мувофиқ, суд аппарати ходимлари орасида коррупция хавфларини камайтириш, хизмат интизомини мустаҳкамлаш ва шаффофликни таъминлаш Комплаенс назорат хизматининг асосий вазифаларидан бири бўлади. Шу билан бирга, мансаб даражасига эга ходимлар учун махсус хизмат кийимини жорий этиш орқали касбий масъулиятни ошириш кўзда тутилган.
Фармонда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш икки йўналишда амалга оширилиши белгиланган: судьялар корпусига нисбатан — Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги махсус инспекция, суд аппарати ва Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ходимларига нисбатан эса Олий суднинг Комплаенс назорат хизмати томонидан.
Янги хизмат раҳбари Олий суд раиси томонидан тайинланади ва лавозимдан озод этилади. Унинг меҳнатга ҳақ тўлаш ва ижтимоий ҳимоя шартлари Олий суд департамент бошлиғи даражасига тенглаштирилади.
Комплаенс назорат хизмати лавозимларига олий юридик маълумотга эга, ҳалол ва нуфузли номзодлар, қоида тариқасида, суд-ҳуқуқ соҳасида камида 5 йиллик иш тажрибасига эга бўлиши талаб этилади.

