Мамлакатда етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган янги ижтимоий лойиҳа йўлга қўйилди. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамкорлигида амалга оширилаётган ташаббус доирасида болаларнинг ёзги таътили мазмунли ташкил этилмоқда.
Лойиҳага кўра, республика ҳудудларидан жами 1295 нафар 7–14 ёшли етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бола касаба уюшмалари тизимидаги оромгоҳларда 12 кунлик дам олиш ва соғломлаштириш дастурларига жалб қилинади.
Ташаббуснинг муҳим жиҳати шундаки, болалар оромгоҳларда бошқа тенгдошлари билан бир хил шароитларда дам олади. Бу эса уларнинг ижтимоийлашуви, мулоқот кўникмаларини ривожлантириши ва янги дўстлар орттиришига хизмат қилади.
Лойиҳа иштирокчилари учун йўлланмалар, дам олиш ва соғломлаштириш билан боғлиқ барча харажатлар Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланмоқда.
Айни пайтда лойиҳанинг биринчи босқичи доирасида 1062 нафар бола оромгоҳларга юборилган бўлиб, улар учун соғломлаштириш ва маданий-маърифий тадбирлар бошланган.

