Ўзбекистонда янги ўқув йилидан бошлаб мусиқа ва санъат таълими тизимини қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор янги чоралар жорий этилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевнинг маданият ва санъат соҳаси вакиллари билан учрашувида маълум қилинди.
Қайд этилишича, мамлакатдаги 326 та мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчиларининг иш ҳақи умумтаълим мактаблари педагоглари маоши билан тенглаштирилади. Шунингдек, умумтаълим ва мусиқа мактаблари ўқитувчиларига ўқувчиларнинг мусиқа асбобларини ижро этиш маҳоратига қараб 20 фоизгача қўшимча устама тўланади.
Учрашувда ёшларни маданият ва санъатга кенг жалб этиш вазифаси ҳам белгиланди. Янги ўқув йилида камида 1,5 миллион нафар ўқувчини мусиқа ва санъат тўгараклари ҳамда ижодий фаолиятга жалб қилиш режалаштирилмоқда. Бу мақсадда 326 та мусиқа ва санъат мактаби ҳамда 29 та ихтисослаштирилган таълим муассасаси умумтаълим мактаблари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўяди.
Шунингдек, мусиқа ва санъат мактаблари ижодий жамоалари томонидан умумтаълим муассасаларида мунтазам концерт дастурлари, ижодий учрашувлар ва маҳорат дарслари ташкил этилиши белгиланди.
Иқтидорли ўқувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳар йили театр, чолғу, хор ва рақс йўналишларида туман, вилоят ва республика босқичларидан иборат танловлар ўтказилади. Танлов ғолиблари ва иштирокчиларининг ижодий лойиҳаларини ривожлантириш учун саҳна безаклари, либослар ва мусиқа асбоблари харидига 500 миллион сўмгача грант маблағлари ажратилади.
Бундан ташқари, республика босқичида ғолиб бўлган ёшлар маданият ва санъат соҳасидаги олий таълим муассасаларига қабул қилиниши назарда тутилган.

