Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши йиғилишида иштирок этиш учун Остона шаҳрига ташриф буюради. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.
Ташриф Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаевнинг таклифига биноан амалга оширилади. Евроосиё иқтисодий иттифоқи саммити 29 май куни Қозоғистон пойтахтида бўлиб ўтади.
ЕОИИ таркибига Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Россия киради. Ўзбекистон ташкилотда кузатувчи мақомига эга бўлиб, савдо-иқтисодий ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида иттифоқ йиғилишларида мунтазам иштирок этиб келмоқда.
ЕОИИда кузатувчи мақомига эга давлатлар қаторида Куба, Молдова ва Эрон ҳам бор. Бироқ уларнинг Остонадаги саммитда иштироки ҳақида ҳозирча маълумот берилмаган.
Кутилаётган йиғиннинг асосий мавзуларидан бири Арманистоннинг ЕОИИдаги кейинги иштироки бўлиши мумкин. Аввалроқ Арманистон бош вазири Никол Пашинян Европа Иттифоқи билан интеграцияни ривожлантириш нияти борлигини билдирган эди. Бу эса кўп жиҳатдан Евроосиё иқтисодий иттифоқи сиёсати билан кесишади.
Никол Пашиняннинг ўзи саммитда иштирок этмайди. У июнь ойида бўлиб ўтадиган парламент сайловларига тайёргарликни сабаб қилиб кўрсатган. Арманистон номидан йиғилишда бош вазир ўринбосари Мгер Григорян қатнашади.
Шу билан бирга, Россия Президенти Владимир Путин аллақачон Остонага етиб келган. Ташриф доирасида энергетика соҳасидаги ҳамкорлик, жумладан Қозоғистонда Россия давлат экспорт кредитлари асосида биринчи атом электр станциясини қуриш бўйича келишувлар муҳокама қилиниши кутилмоқда.
Қайд этиш жоизки, Ўзбекистонда ҳам Россия билан ҳамкорликда биринчи атом электр станциясини қуриш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Қурилиш ишлари Жиззах вилоятида, Тузкон кўли яқинида олиб борилмоқда.

