14 апрель куни Президент раҳбарлигида қурилиш соҳасининг ҳолати ва урбанизация устувор йўналишларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда қайд этилганидек, сўнгги йилларда тармоқ жадал ўсди: қурилиш ишлари ҳажми 10 баравардан зиёд ошди, 210 миллион квадрат метрдан ортиқ уй-жой ва объектлар барпо этилди, соҳада 3,5 миллионга яқин аҳоли банд. Шу билан бирга, қурилишни бошлашда кечикишлар, бюрократик тўсиқлар ва шаҳарсозлик ҳужжатларидаги камчиликлар сақланиб қолмоқда.
Урбанизацияни жадаллаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Ҳозирда унинг даражаси 51 фоизга етган бўлиб, уни янада ошириш иқтисодиёт драйвери сифатида кўрилмоқда. Шу муносабат билан шаҳар ва аҳоли пунктлари учун бош режаларни тезлаштириш, шунингдек рақамли ечимларни жорий этиш топширилди. Жумладан, ерларни хусусийлаштириш бўйича аризаларни 5–10 дақиқа ичида онлайн кўриб чиқиш тизими йўлга қўйилади.
Асосий чоралар қаторида рухсат бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш, қурилиш хизматларини бирлаштириш, келишув муддатларини қисқартириш ва объектлар сифати учун масъулиятни кучайтириш белгиланди. Шунингдек, давлат буюртмачилари учун KPI жорий этиш, лойиҳачилар меҳнатини рағбатлантириш ва қоидабузарликлар устидан назоратни кучайтириш режалаштирилган.
Алоҳида тартибда 2026 йилда 140 мингта квартирани фойдаланишга топшириш, “Янги Ўзбекистон” лойиҳаларини ривожлантириш вазифалари белгилаб берилди. Тошкент шаҳрида архитекторлар учун креатив парк ташкил этиш ва урбанистика соҳасида ихтисослашган олийгоҳ очиш режалари ҳам маълум қилинди.
Йиғилиш якунида масъулларга аниқ топшириқлар берилди ҳамда соҳада фаолият юритаётган тадбиркорларнинг таклифлари эшитилди.

