2025 йил давомида Рақобат қўмитасига кўп квартирали уйлардан хонадон хариди билан боғлиқ 1700 дан ортиқ мурожаат келиб тушган. Уларнинг 76 фоизи ижобий ҳал қилиниб, натижада 22,1 миллиард сўм маблағ истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинган.
Мурожаатларнинг асосий қисми уйларнинг таъмир сифати билан боғлиқ масалаларга тўғри келган 42,9 фоиз. Коммуникация тармоқлари бўйича шикоятлар 40,8 фоизни ташкил этган бўлса, уйларни ўз вақтида топширмаслик ҳолатлари 16,3 фоизни ташкил қилган.
Қўмита томонидан қарийб 130 та қурувчи ва истеъмолчи ўртасидаги шартнома ўрганилганда, аксарият ҳолларда муҳим ҳуқуқий механизмлар кўрсатилмагани маълум бўлган. Жумладан, қайта ҳисоб-китоб тартиби, объектни топшириш муддати, кечиктирилган тақдирда пеня, кафолат муддати ҳамда нуқсонларни бартараф этиш мажбуриятлари шартномаларда аниқ белгилаб қўйилмаган.
Шартномани бекор қилиш масаласида ҳам қатор камчиликлар кузатилган. Кўп ҳолатларда ҳужжатлар фақат қурувчи манфаатларини ҳимоя қилган. Шунингдек, шартнома бекор қилинганда харидорга тўловни қайтариш муддатлари асоссиз равишда 30–180 кундан 24–36 ойгача узайтириб белгилангани аниқланган.
Айрим ҳолатларда “агент” ёки “тижорат вакили” орқали расмийлаштирилган шартномаларда қурилишга масъул ташкилотнинг ўзи ҳужжатни имзоламаган ҳолатлар ҳам учраган. Мутахассислар фикрича, бундай камчиликлар истеъмолчилар ҳуқуқларининг бузилишига олиб келади ва мажбуриятларини бажармаган қурувчига нисбатан ҳуқуқий жавобгарликни чеклайди.
Шу билан бирга, 120 та турар жой мажмуаси бўйича реклама ҳолати ўрганилиб, рухсат ҳужжатларисиз ва электрон рўйхатга киритилмаган айрим объектлар тарғиб қилингани маълум бўлган. Бу ҳолатлар юзасидан қурилиш компаниялари ва реклама берувчиларга молиявий жарималар қўлланиб, қонунбузилишларни бартараф этиш бўйича кўрсатмалар берилган.
Рухсат ҳужжатларига эга бўлмаган қурилиш объектларини реклама қилмаслик юзасидан оммавий ахборот воситалари ва реклама соҳаси агентликларига ҳам расмий огоҳлантириш хатлари юборилган.

