ФИФА Африка кубоги якунларидан сўнг миллий терма жамоаларнинг янгиланган рейтингини эълон қилди. Янги рейтингга кўра, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўз позициясини йўқотиб, икки поғонага пастга тушди.
Маълумотларга асосан, Ўзбекистон терма жамоаси жаҳон рейтингида 52-ўринни эгаллади. Илгари миллий жамоа икки поғона юқорироқ ўринда қайд этилган эди. Осиё қитъаси кесимида эса Ўзбекистон ҳозирда бешинчи ўринда турибди.
Мутахассислар рейтингдаги пасайишни сўнгги даврда терма жамоа иштирокида расмий ва юқори даражадаги ўйинлар ҳамда турнир вазифаларининг мавжуд эмаслиги билан изоҳламоқда. Айни пайтда миллий жамоа 2026 йил ёзида бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига тайёргарлик жараёнини давом эттирмоқда.
Қайд этилишича, янгиланган рейтингда дунёнинг энг кучли терма жамоаси сифатида Испания биринчи ўринни сақлаб қолган. Осиё қитъасида эса Япония терма жамоаси етакчилик қилмоқда.

