2024 йил 22 ва 23 ноябрь кунлари “Янги Ўзбекистон” боғи Yangi Nafas умуммиллий ҳаракати доирасида ташкил этилган кенг кўламли спорт тадбири – Talaba Yugur талабалар оммавий югуриш мусобақасининг якуний босқичи марказига айланди. Тадбир мустақиллик, ифтихор ва бирдамлик тимсоли бўлган Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганининг 33 йиллигига бағишланди.
2024 йил октябрь ойидан бошлаб лойиҳа доирасида ҳудудлардаги етакчи олий таълим муассасалари иштирокида 14 та талабалар оммавий югуриш мусобақалари ўтказилди. Лойиҳа Нукус шаҳридан бошланиб, пойтахтда ўтказилган оммавий югуриш мусобақаси билан якунланди. Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, келгусида Talaba Yugur спорт ва талабаларни бирлаштирувчи анъанавий тадбирлар туркуми сифатида ҳар йили куз-баҳор мавсумида ўтказиладиган ҳодисага айланади.
“Yangi Nafas кенг кўламли спорт ҳаракати Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан қўллаб-қувватланган Talaba Yugur каби йирик лойиҳаларга асос бўлиб хизмат қилмоқда. Бугунги кунда асосий идоралар спорт ва жисмоний тарбия ҳар бир инсон ҳаётининг ажралмас қисми бўлиши кераклигини тобора кўпроқ тушуниб етмоқда. Ёшларни фаол ва соғлом турмуш тарзига рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратиш муҳимдир”, деб таъкидлади Енгил атлетика федерацияси бош котиби Камоллиддин Рўзамухаммедов.
“Янги Ўзбекистон” боғидаги оммавий югуриш мусобақасининг якуний босқичида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидан 3 мингга яқин талаба ҳамда 300 га яқин ҳаваскор югурувчи иштирок этди. Иштирокчилар пойтахт ва Тошкент вилоятини рамзий тарзда бирлаштирувчи боғнинг гўзал ҳудудлари бўйлаб 3 километрлик масофани босиб ўтдилар. Ҳарбий ўқув юртлари курсантлари томонидан давлат байроғининг тантанали равишда олиб чиқилиши тадбирнинг энг авж нуқтасига айланди. Бу тантанали лаҳза тадбирга ватанпарварлик ва миллий ғурур руҳини бағишлаган ҳал қилувчи воқеага айланди.
Talaba Yugur ҳудудий мусобақалари ғолиблари 2 миллион сўмдан 5 миллион сўмгача пул мукофотлари билан тақдирланадилар. Бундан ташқари, олий ўқув юртлари жамғармалари совриндорлар учун эгаллаган ўринларига қараб икки ойдан олти ойгача тўланадиган стипендия устамаларини назарда тутган. Энг кучли югурувчилар нафақат олий ўқув юрти доирасида, балки ҳар бир курс бўйича алоҳида аниқланиб, тақдирланади.
Talaba Yugur лойиҳаси доирасида илк бор Yugur.uz электрон платформаси жорий этилди. Бу платформа талабаларга югуриш мусобақасида иштирок этиш учун онлайн рўйхатдан ўтиш ва ўзларига энг мос келадиган старт пакетини танлаш имконини берди. Шунингдек, платформа Тошкент шаҳри ва вилоятларда бўлиб ўтадиган югуриш тадбирлари ҳақида долзарб маълумотларни тақдим этади. Бундан ташқари, Yugur.uz сайтида вилоятлар бўйича тақсимланган иштирокчилар статистикаси эълон қилинди. Бу эса лойиҳани барча манфаатдор томонлар учун янада шаффоф ва қулай бўлишига ёрдам берди.
Talaba Yugur мусобақаси Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Спорт вазирлиги, Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси, Марказий Осиё юриш ва югуриш академияси томонидан мамлакатнинг куч ишлатиш тузилмалари кўмагида ташкил этилди.
Talaba Yugur — Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан Ўзбекистон енгил атлетика федерациясининг ҳамкорлигида амалга оширилган кенг кўламли лойиҳадир. Унинг мақсади талабалар орасида жисмоний фаолликни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини оммалаштириш, ҳамда спорт ва таълимни ёшларнинг баркамол ва ҳар томонлама ривожланишининг энг муҳим таркибий қисмлари сифатида бирлаштиришга қаратилган.
Talaba Yugur бу шунчаки спорт эмас. Бу Ўзбекистоннинг фаол, соғлом ва интилувчи ёшлари келажагига қўшилган ҳиссадир!