Тошкент вилоятининг Пскент туманида «Тошкент вилояти ўрмон ва шаҳар ҳудудларини интеллектуал технологиялар асосида кўкаламзорлаштириш» лойиҳаси доирасида барпо этилган замонавий интеллектуал питомниклар мажмуасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Лойиҳа Экология қўмитаси ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги агентлиги томонидан Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. 2024–2028 йилларга мўлжалланган ушбу ташаббуснинг умумий қиймати 7,7 миллион АҚШ долларини ташкил этади.
Тошкент давлат ўрмон хўжалигининг «Дўнгқўрғон» участкасида жойлашган 7 гектар майдонда 14 та интеллектуал иссиқхона фойдаланишга топширилди. Ички муҳитни доимий мониторинг қилувчи ва жараёнларни автоматик бошқарувчи дастурий таъминот туфайли кўчатларни ўстириш муддати 1 йилгача қисқаради ҳамда сув ресурслари сезиларли даражада тежалади. Контейнерларда етиштирилган, маҳаллий иқлимга мослашган сифатли кўчатларни тоғли ва сувсиз ҳудудларга етказиб экиш анча енгиллашади. Мазкур тажрибани кейинчалик республиканинг бошқа ўрмон хўжаликларида ҳам кенг жорий этиш режалаштирилган.


