“Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларида очиқликни таъминлаш ҳамда бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ-149-сон, 26.09.2024 й.) қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар қилди.
Фармонга кўра, 2026 йил 1 январдан ҳудудларда чиқиндилар билан ишлаш даражасини ошириш ҳамда бу борада очиқликни таъминлаш, жамоатчиликнинг ролини ошириш, тадбиркорлар ва аҳоли ўртасида қайта алоқани тўлиқ йўлга қўйишни назарда тутувчи қуйидагилар амалга оширилади:
чиқиндилар билан боғлиқ хизматларни тадбиркорларга бериш юзасидан ўтказиладиган тендер жараёнини онлайн кузатиш имкониятини яратиш;
санитар тозалаш корхоналари томонидан чиқинди тўплаш шохобчаларига видеокузатув камераларини ўрнатиш ва шохобчалар фаолиятини аҳоли томонидан кузатиш имкониятини яратиш;
чиқиндиларни ташиш билан шуғулланувчи барча махсус техникаларга онлайн кузатув (GPS) тизимини ўрнатиш;
санитар тозалаш корхоналари тўғрисида тўлиқ маълумот бериш, кўрсатилаётган хизматлар сифати ва кўлами бўйича шикоятларни қабул қилиш ҳамда санитар тозалаш корхоналари билан қайта алоқа қилиш учун “Call марказ” фаолиятини йўлга қўйиш;
санитар тозалаш корхоналари хизмат кўрсатувчи ҳудудларнинг географик чегараси ҳамда аҳоли ва юридик шахсларга бириктирилган чиқиндиларни йиғиш майдончалари (контейнер) жойлашуви тўғрисида аниқ маълумотлар бериш;
абонентларнинг ҳосил бўлган чиқиндиларини олиб чиқиб кетиш графигини кўрсатиш.