Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) экспертлари томонидан тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун тармоқлар кесимида бўш ер участкаларини электрон онлайн-аукционга чиқариш динамикаси таҳлил қилинди.
Таҳлилларга кўра, тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун бўш ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилиш мақсадида жами 50 мингга яқин (3 673,4 гектар) таклиф “YeRELEKTRON” ААТга киритилган.
Тизимга киритилган таклифларнинг аксарияти хизмат кўрсатиш объектларини жойлаштириш (41 817 та), саноат (ишлаб чиқариш) объектлари (5 655 та), кўп қаватли уй-жой қуриш (1 324 та), халқаро йўл бўйи объектлари (772 та), туристик зоналар объектлари (371 та) ва микромарказларни ташкил этиш (99 та) га оид.
2024-йилнинг январь-июнь ойларида киритилган жами 50 мингга яқин (3 673,4 гектар) таклифдан 11 767 таси бўйича рад жавоби берилган;
23 861 та таклиф бўйича ер участкалари 2 731,3 млрд. сўм бошланғич нарх билан аукцион савдоларига чиқарилган. Шундан 9 739 та лот 785,4 млрд. сўмга реализация қилинган.
Республика бўйича “YeRELEKTRON” ААТ тизимига бўш ер майдонларига оид энг кўп маълумот Хоразм, Бухоро, Сирдарё, Фарғона ҳамда Қашқадарё вилоятларида киритилган.
Аукцион савдоларини янада такомиллаштириш орқали ер бозорининг қамровини ошириш бўйича қуйидагилар тавсия этилади:
➖ аукционга намунавий лойиҳалар асосида мастер режани ишлаб чиқиш шарти билан якка тартибдаги уй-жой қурилиши учун 1 гектардан ортиқ ер участкаларини мулк ҳуқуқи билан чиқариш ишларини жадаллаштириш;
➖ туман (шаҳар) кадастр филиаллари ҳамда қурилиш бўлимлари ҳудудларнинг иқтисодий ривожланиш дастури, тасдиқланган шаҳарсозлик ҳужжати ҳамда урбанизация жараёнини (ўсиш нуқталари) чуқур таҳлил қилган ҳолда “YeRELEKTRON” ААТга таклиф киритиши;
➖ муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси мавжуд бўлмаган ҳудудларда ерларни аукцион савдоларига чиқариш амалиётини бекор қилиш ҳамда ушбу коммуникация тармоқларини жойлаштириш чораларини кўриш;
➖ аукцион савдоларига чиқарилган, бироқ узоқ вақт сотилмаган ер участкаларини бирлаштириш ва жозибадор лойиҳаларни ишга тушириш учун ердан фойдаланиш мақсадини белгилаб, ижара ҳуқуқи билан қайта савдога қўйиш;
➖ тадбиркорларни жозибадор ер участкалари билан таъминлаш, шунингдек, қулайликлардан самарали фойдаланиш учун “YeRELEKTRON” ААТнинг таклиф киритиш қисмида ArcGIS сунъий йўлдош ахборот платформасидан маълумотларни интеграциялаш орқали бўш ер майдонлари мавжуд бўлган ҳудудларни акс эттириш имкониятини яратиш.