Абу-Дабида поёнига етган “Abu Dhabi Chess Festival 2024” турнирининг “Masters” гуруҳида ҳамюртимиз Нодирбек Ёқуббоев 7 очко билан ғолибликка эришди. Шамсиддин Воҳидов эса 3-ўринни эгаллади деб хабар бермоқда ЎзА нашри.
Кеча ўтказилган 9-турда Нодирбек Ёқуббоев қора доналарда ҳиндистонлик Лукка Мендонса билан, Шамсиддин Воҳидов эса оқ доналарда FIDE байроғи остида мусобақада иштирок этган Давид Паравян билан дурангга эришди. Айнан Паравян 2-ўриндан жой олди.
Нуфузли мусобақа якунига кўра, турнирда қатнашган 217 нафар шахматчининг 6 нафари 7 очко қўлга киритган бўлса, 9 нафари 6,5 очко, 15 нафари 6, 25 нафари 5,5, 33 нафари 5, 38 нафари 4,5, 20 нафари 4, 30 нафардан зиёди 3,5 очко жамғарди.
Мукофот жамғармаси 63 минг 600 АҚШ долларидан иборат мазкур турнирда Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларидан Жавоҳир Синдоров ва Ортиқ Неъматов 6,5 очко билан кучли 15 таликни банд этди.
Турнир якунида “Masters” гуруҳида ғолибликка эришган Нодирбек Ёқуббоев 30 минг АҚШ доллари, 3-ўринни банд этган Шамсиддин Воҳидов 8 минг АҚШ доллари билан тақдирланди.