Ўзбекистонда давлат банклари йирик давлат корхоналарига кредит беришни босқичма-босқич тўхтатади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 20 август куни Нукусда тадбиркорлар билан мулоқот чоғида маълум қилди.
Давлат банклари берган кредитнинг 92 трлн сўми ёки 30 фоизи 10 та йирик давлат корхонасига тўғри келади. Шу билан бирга, йирик корхоналар трансформация қилинмоқда, молия бозорларига мустақил чиқиб, ўзи маблағ жалб қилишга ўргатилмоқда.
Масалан, «Ўзбекнефтгаз» ва «Ўзавтосаноат» 1 млрд доллардан ортиқ евробонд чиқарган. Навоий комбинати ҳам четдан ўзи бонд олиб келишга тайёргарлик кўрмоқда.
Бундай маблағларни бериш икки йил ичида камида 40 фоизга қисқаради. Банклар бунинг ҳисобидан камида 30 трлн сўмни хусусий бизнесга йўналтиради.
Ҳозир кўп экспортчилар йирик хорижий савдо тармоқларига 3-4 ой кечиктириб тўлаш шарти билан маҳсулот етказиб бермоқда.
Узлуксиз ишлаб чиқариш учун корхоналарда айланмага эҳтиёж ошаяпти. Лекин, ҳамма тадбиркорда ҳам янги кредит олиш, унга гаров топиш имконияти йўқ.
Тадбиркордан гаров талаб қилмайдиган энг қулай инструмент бу – факторинг. Халқаро молия корпорациясига кўра, бизда 10 миллиард долларлик факторинг хизматига талаб бор. Ҳозир бу хизматни фақат банклар, микромолия ташкилотлари кўрсатаяпти.
Бундан буён банк бўлмаган янги институт – факторинг ташкилоти учун йўл очилади. Улар хорижий валютада ҳам хизмат кўрсатиши мумкин бўлади. Бу жараёнда қатнашадиган банк, микромолия, факторинг ташкилоти ва тадбиркорлар фойдаланадиган алоҳида электрон платформа ишга тушади. Яъни, тадбиркор ундан ўзига қулай молиявий маҳсулотни танлаш имкониятига эга бўлади.
Умуман, факторингни оммалаштириш ҳисобидан тадбиркорларга айланма учун 20 триллион сўм, экспортчи корхоналарга 1 миллиард доллар қўшимча молиявий ресурслар пайдо бўлади.
Ўтказилган сўровда тадбиркорларнинг 38 фоизи ислом молияси асосида ресурс олиш истагини билдирган.
Ўтган ойда микромолия ташкилотларига исломий шартлар асосида хизмат кўрсатишга рухсат берилди.
Тайёрланган янги қонун лойиҳаси қабул қилинса, ислом молияси билан банклар ҳам ишлаши мумкин бўлади.
Бу – янги молиявий хизматлар тақдим этилиши, кўп инвесторлар кириб келиши ва 5 миллиард долларлик қўшимча ресурс пайдо бўлишига туртки беради.