Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) экспертлари томонидан 2024-йилнинг иккинчи чорагида Ўзбекистон банк тизимидаги рақобат даражаси таҳлил қилинди.
Мазкур тадқиқотда Херфиндал-Хиршман индексидан фойдаланилди. Херфиндал-Хиршман индекси (HHI) бозор концентрациясининг умумий ўлчови бўлиб, бозор рақобатбардошлигини аниқлаш учун қўлланилади.
Маълумот учун: бозор HHI бўйича рақобат даражасига кўра 3 гуруҳга бўлинади, яъни рақобат даражаси паст (HHI 2500-10000 гача), ўртача (HHI 1500-2500) ва юқори (HHI 1500 дан паст).
Активлар. Активлар бўйича ҳисобланган HHI 2024-йилнинг иккинчи чораги якуни бўйича 863 бирликни ташкил этди ва ўтган йилнинг мос давридагига нисбатан 53 (916) бирликка яхшиланди. Бу даврда тижорат банкларининг жами активлари ҳажми 690,4 трлн. сўмга етди ва 2023-йилнинг иккинчи чораги билан таққослаганда қарийб 113,7 трлн. сўмга (19,7 фоизга), жорий йилнинг биринчи чораги билан таққослаганда эса, қарийб 25 трлн. сўмга (3,7 фоизга) ошди. Давлат улуши мавжуд бўлган банкларнинг жами активлардаги улуши ўтган йилнинг 1-июль ҳолатига кўра 69 фоизни ташкил этган бўлса, жорий йилда 2 фоиз бандга (67 фоиз) қисқарди. HHI кўрсаткичининг яхшиланиши ва активлар ҳажмининг ўсишидаги уйғунлик мамлакат банк тизими активлар бозоридаги ижобий рақобат динамикасини ифодалайди.
Кредитлар. Кредитлар бозори бўйича ҳисобланган HHI ўтган йилдаги 971 бирликдан 963 бирликка яхшиланди. 2024-йилнинг 1-июль ҳолатига кўра, тижорат банклари томонидан ажратилган жами кредит қўйилмалари ҳажми ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда 70 трлн. сўмга ошди ва 493,9 трлн. сўмга етди. Умумий кредит портфелида хусусий ва чет эл капитали иштирокидаги банклар томонидан ажратилган кредитлар улуши ўтган йилнинг мос давридаги 27 фоиздан қарийб 3 фоиз бандга ўсиб, 30 фоизгача ошди. Шунингдек, давлат улуши мавжуд бўлган топ-5 та банкнинг жами кредитлар портфелидаги улуши 59,4 фоиздан 57,8 фоизга тушди. 2024-йил биринчи чорагида кредитлар қолдиғининг депозитлар ҳажмига нисбати 1,8 баробарни ташкил этди. Бу эса кредитларнинг 50 фоиздан ортиғини молиялаштиришда банклар депозитлардан фойдаланаётганини англатади. Миллий валютада ажратилган кредитлар бўйича ўртача тортилган номинал фоиз ставкаси 2023-йил якунидаги 24,2 фоиздан 2024-йил иккинчи чорагида 23,6 фоизга тушган.
Депозитлар. 2024-йилнинг 1-июль ҳолатига кўра, тижорат банклари томонидан жалб қилинган жами депозитлар ҳажми 2023-йилнинг мос давридагига нисбатан 1,3 баробарга ўсиб, 265,4 трлн. сўмни ташкил қилди. Депозитлар ҳажми ўсишига қарамай, HHI ўтган йилнинг мос давридаги 664 бирликдан 693 бирликка ошди. Бунга сабаб давлат улуши мавжуд бўлган баъзи банкларнинг жами жалб қилинган депозитлардаги улуши ортганлигидир. Жумладан, “Ўзмиллийбанк”ники 2023-йил иккинчи чорагидаги 13,6 фоиздан 2024-йил 1-июль ҳолатига кўра, 14,3 фоизга, “Халқ банки”ники 7,4 фоиздан 8 фоизга, “Турон банк”ники 1,5 фоиздан 2 фоизга ошган. Умуман, хусусий ва чет эл капитали иштирокидаги банклар томонидан жалб қилинган депозитлар ҳажми ўтган йилнинг мос давридагига нисбатан 1 фоизга ошиб, 49 фоизни ташкил қилган.