Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари томонидан 2017-2023 йиллар оралиғида экспорт қилинган маҳсулотларнинг мураккаблик даражаси ўрганилди.
Маҳсулотларнинг мураккаблик даражасини ҳисоблашда Гарвард университетининг Кеннеди мактаби илмий лабораторияси (Harvard Kennedy School Growth Lab) томонидан ишлаб чиқилган Маҳсулотнинг мураккаблик индекси (Product Complexity Index — PCI) дан фойдаланилди. Ушбу индекс маҳсулотни ишлаб чиқариш учун зарур бўлган билимлар даражаси, қўлланиладиган технологиялар ва жараёнларнинг мураккаблик даражасини баҳолайди.
Юқори индекс қийматига эга маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун замонавий билим, кўникма ва технологиялар талаб қилинади. Бунга электроника қурилмалари, махсус техника ва кимёвий маҳсулотлар мисол бўла олади.
Оддий қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва хомашё ишлаб чиқариш эса нисбатан пастроқ индекс қийматига эга.
2017-йилда жами 12,55 млрд. АҚШ долларига тенг маҳсулот ва хизматлар экспорт қилинган бўлса, 2023-йилга келиб, бу кўрсаткич 1,95 маротаба ортди ва 24,43 млрд. АҚШ долларига тенг бўлди. 2023-йилда экспортнинг йиллик ўсиш суръати 26,5 фоизни ташкил қилди.
2017-2023 йиллар оралиғида олтин (33,38 фоиз), транспорт ва почта хизматлари (9,15 фоиз), сайёҳлик хизматлари (8,77 фоиз) ва пахта ипи (4,87 фоиз) экспорт таркибида энг юқори улушга эга маҳсулотлар бўлди.
Экспорт қилинаётган маҳсулотларнинг мураккаблик даражаси (PCI) йилдан-йилга яхшиланиб бормоқда. PCI кўрсаткичлари 2017-2023 йиллар оралиғида 23,9 фоизга ўсди ва 2017-йилдаги -1,57 дан 2023-йилда -1,2 гача кўтарилди. Пандемия сабабли 2019-2020 йилларда энг паст PCI кўрсаткичи қайд этилди (мос равишда -1,79 ва -1,76). Мамлакатимиз экспорти таркибида ишлаб чиқариш нисбатан осонроқ бўлган маҳсулотлар (олтин, пахта, нефть газлари, тозаланган мис ва сабзавотлар каби энг кам ишлов беришни талаб этадиган маҳсулотлар) нинг улуши юқори даражада сақланиб турганлиги сабабли PCI кўрсаткичлари пастлигича қолмоқда.
PCI нинг ортишига сабаб бўлаётган маҳсулотлар қаторида автотранспорт воситалари учун корпуслар (кабиналар), ички ёнув двигателлари, мис қувурлар ва телефон аппаратлари каби чуқур қайта ишлашни талаб қилувчи маҳсулотлар энг юқори ўринларни эгаллаб турибди.
Минерал моддалар (2017-йилда 15,4 фоиз ва 2023-йилда 4,1 фоиз), кимёвий маҳсулотлар (3,9 фоиз ва 4,1 фоиз), тўқимачилик товарлари (14,1 фоиз ва 13 фоиз), рангли металлар (8,2 фоиз ва 6,6 фоиз), машина ва ускуналар (1,4 фоиз ва 2,9 фоиз) ПCИнинг ўсишига катта ҳисса қўшаётган категориялар бўлиб турибди.
Аксинча, PCI нинг пасайишига сабаб бўлаётган категорияларга қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошлар, қимматбаҳо металлар ҳамда пластмасса ва каучук киради. 2023-йилда ушбу маҳсулотларнинг умумий экспортдаги улуши мос равишда 34,1 фоизни ва 1,6 фоизни ташкил этган.
Тўқимачилик маҳсулотлари категориясида пахта хомашёси экспорти 2019-йилда 281,6 млн. АҚШ долларини ташкил этган бўлса, 2023-йилда 70 минг АҚШ долларигача камайди. Шу билан бирга, пахта ипи экспорти 2017-2023 йиллар оралиғида 428,1 млн. АҚШ доллардан 1,2 млрд. АҚШ долларгача, яъни 2,8 баробар ошди. Футболка ва свитерлар экспорти эса 2017-йилга нисбатан 4,5 баробар ошиб, 2023-йилда 309,3 млн. АҚШ долларга етди. Бу эса тўқимачилик соҳасида хомашё экспортидан воз кечиб, ярим тайёр ва тайёр маҳсулотлар экпортига урғу берилаётганидан далолат беради.
Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиши билан экспорт таркибидаги мураккаб маҳсулотлар улушининг ошиши мамлакатнинг рақобатбардошлигини сезиларли даражада оширади. Шу билан бирга, бу жараён узлуксиз технологик ривожланиш, ишлаб чиқариш қувватларининг кенгайиши ва малакали ишчи кучининг ривожланишини талаб қилади.