Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси томонидан жорий йилнинг июнь ойидаги йиғилишларида (7 марта) 42 та масалакўрилди ва улар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди. Бу ҳақда МБ матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Рўйхатга олиш ва рухсат бериш йўналишида 28 та масала, шу жумладан, кредит ташкилотлари уставига киритилган ўзгартиришларни рўйхатдан ўтказиш (5 та), микромолия ташкилотлари фаолиятини амалга ошириш учун лицензия бериш (2 та), микромолия ташкилотларига берилган лицензияларни қайта расмийлаштириш (9 та), микромолия ташкилотларига берилган лицензияларни чақириб олиш
(1 та), банкларда аудит ўтказиш ҳуқуқини бериш учун аудиторлик малака сертификатини тақдим этиш (1 та) ҳамда тижорат банклари кузатув кенгаши ва бошқаруви аъзолари, шунингдек, муҳим аҳамиятга эга ходимларининг номзодларини кўриб чиқишга доир (10 та) масалалар кўрилди.
Кредит ташкилотларининг молиявий ҳолатигаоид 14 та масала – Марказий банкнинг кўрсатмалари ва пруденциал меъёрлари талабларининг бажарилиши, банклар ва микромолия ташкилотларида ўтказилган текширишлар натижалари ҳам муҳокама қилинди.
Марказий банк томонидан ўрнатилган иқтисодий меъёрлар талабларига риоя қилинмаганлиги ҳамда Марказий банкка тақдим этилган маълумотларда ноаниқликларга йўл қўйилганлиги ва текшириш натижаларида аниқланган қоидабузарликлар учун 11 та банк, 1 та микромолия ташкилоти ва 1 та ломбардга нисбатан жарима санкцияси қўлланилди.
Бундан ташқари, Қўмита томонидан банк тизими барқарорлигини сақлаш, омонатчилар ва инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тамойилидан келиб чиқиб, тижорат банклари бошқарувлари ва микромолия ташкилотлари раҳбариятларига аниқланган камчиликларни тузатиш, улар бўйича тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, ўрнатилган пруденциал нормативларга амал қилиш, банк фаолиятида мавжуд заифликларни бартараф этиш ва молиявий ҳолатини соғломлаштиришга қаратилган талабларга риоя қилиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.