Ўзбекистонлик пара пауэрлифтингчи Рухшона Ўктамова Жаҳон рекордини янгилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.
«Айни кунларда Грузия пойтахти Тбилиси шаҳрида пара пауэрлифтинг бўйича жаҳон кубоги бўлиб ўтмоқда. Унда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари муваффақиятли иштирок этмоқда», дейилади Қўмита хабарида.
Маълум қилинишича, ёшлар ўртасида -61 кг. вазн тоифасида баҳсларга кирган ҳамюртимиз Рухшона Ўктамова 109 кг. натижа қайд этган ҳолда олтин медални қўлга киритган. Эътиборли жиҳати, вакилимиз ушбу натижа орқали ўзига тегишли бўлган ёшлар ўртасидаги Жаҳон ва Қитъа рекордини ҳам янгилашга муваффақ бўлган.
Шунингдек, эркаклар ўртасида -72 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Бекзод Жамилов умумий 623 кг натижа қайд этган ҳолда мусобақанинг бронза медалига сазовор бўлган.
Таъкидлаш керакки, 27 июнь кунига қадар давом этадиган ушбу мусобақа Париж-2024 ёзги Паралимпия ўйинларига муҳим рейтинг очколари тақдим этувчи сўнгги халқаро мусобақа ҳисобланади. Унда 15 нафар ўзбекистонлик пара пауэрлифтингчи иштирок этмоқда.