Ҳасанбой Дўсматов WBA чемпионлик камари учун жанг қилади, деб хабар бермоқда Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси.
Манбага кўра, WBA ташкилоти минимал вазн тоифасида жаҳон чемпиони Тамману Ниёмтронгнинг навбатдаги ҳимоя жангига буйруқ берган ва таиландлик чемпионга айнан ўзбекистонлик боксчи Ҳасанбой Дўсматов рақиб сифатида кўрсатилган.
Айтиш жоиз, ташкилот жорий йилнинг февраль ойида икки томон келишувга эришиши учун 30 кун муҳлат берганди, бироқ муддат аллақачон якунига етганига қарамай, ташкилотнинг мазкур жанг бўйича расмий маълумот бериши кечикди.
Маълум бўлишича, Дўсматовнинг жамоаси жангни Олимпиададан кейин ўтказишни сўраб, илтимоснома киритган. Ташкилот эса бу сўровни маъқуллаган.
Шунингдек, Ниёмтронг жамоаси ҳам бунга рози бўлган. Таиландлик боксчи эндиликда ихтиёрий ҳимоя жангини ўтказади.