Марказий банк бошқаруви асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Расмий маълумотномага кўра, иқтисодиётдаги инфляцион жараёнларга фундаментал монетар омиллар таъсири босқичма-босқич камайиб бормоқда. Шу билан бирга, жорий йил 1 майдан айрим тартибга солинадиган тарифларнинг эркинлаштирилиши, умумий инфляцияга бир марталик таъсир кўрсатиши мумкин.
Марказий банк бошқаруви, инфляциянинг янгиланган прогноз коридорининг юқори чегараларига нисбатан ҳам жорий пул-кредит шароитлари нисбатан қатъий фазада шаклланганлигини инобатга олиб, асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилган.
Қайд этилишича, умумий инфляция йил бошидан пасайишда давом этиб, март ойида йиллик 8 фоизни ташкил этди. Бунда, озиқ-овқат товарлари инфляциясида сезиларли пасайиш кузатилган.Ташқи озиқ-овқат бозорларидаги нархлар динамикаси импорт инфляциясига пасайтирувчи таъсир кўрсатган.
Марказий банк бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2024 йил 13 июнга белгиланган.