1.2 C
Узбекистан
Пятница, 27 декабря, 2024

Самарқанд маҳаллаларида назорат гуруҳлари тузилди. Улар ўз вазифаларини тўлақонли бажара оладими?

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
7,150участниковПодписаться
- Advertisement -

Аҳолининг давлат ва жамият ишларини бошқаришда иштирокини кенгайтириш орқали давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш мақсадида маҳалла фуқаролар йиғинларида Маҳалла назорати гуруҳи ташкил этилади. Ушбу жараён Самарқандда ўтган ҳафта бошланди ҳамда Маҳалла назорати гуруҳи таркибини сайлаш, шакллантириш ва фаолиятини йўлга қўйиш бўйича  фуқаролар вакилларининг йиғилиши ўтказила бошланди.

Бундан олдинроқ ҳукумат қарори билан ҳар бир фуқаролар йиғини ҳузурида маҳалла раиси раҳбарлигида Маҳалла назорати гуруҳини ташкил этиш белгиланган эди. Шунингдек, қарорда қуйидагилар кўзда тутилган:

*«маҳалла назорати» ва «маҳалла раиси сўрови» институтларини жорий этиш;

*маҳалла назорати гуруҳини фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг намунавий тузилмасига киритиш;

*маҳалла назорати гуруҳи томонидан аҳоли эътирозларига энг кўп сабаб бўлаётган муаммоларни аниқлаш мақсадида мунтазам равишда муҳокамалар ўтказиш;

*маҳалла фуқаролар йиғини кенгашида тегишли давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари ҳамда масъул ходимларининг амалга оширилган ишлар бўйича ахборотларини мунтазам равишда эшитиб бориш.

Шуни таъкидлаш жоизки, Давлатимиз раҳбари 2023 йил 22 мартда Маҳалла тизими ходимлари куни муносбати билан тизим ходимлари ва фаолларига йўллаган табригида аҳоли ўртасида эътирозларга сабаб бўлаётган ижтимоий муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш учун маҳалла раиси томонидан муҳокамалар ўтказиш, ҳар ойда маҳалла кенгашида тегишли давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг ахборотларини эшитиш амалиёти йўлга қўйилиб, “маҳалла назорати” ва “маҳалла раиси сўрови” институтлари жорий этилишини маълум қилган эди.

Шундан олти ой ўтиб, 22 сентябрда Вазирлар Маҳкамаси маҳаллаларда назорат гуруҳи ташкил этиш бўйича қарор қабул қилди ва унда янги тузилманинг мақсад ва вазифаларини белгилаб берди. Ўтган ҳафтадан бошлаб қарор амалда ижро этила бошланди.

Самарқанд маҳаллаларида ўтказилган фуқаролар вакилларининг йиғилишларида Маҳалла назорати гуруҳи  раҳбари, раҳбар ўринбосари, котиби ва аъзолари сайланди. Маҳалла назорати гуруҳи аъзолигига маҳаллада обрў-эътиборли, ижтимоий фаол, бошқаларга ибрат бўладиган, катта ҳаётий тажрибага эга фуқаролар, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари қабул қилиниши инобатга олинди. Назорат гуруҳи аъзолари 5 йил муддатда сайланди.

Маҳалла назорати гуруҳининг мақсади аҳолининг давлат ва жамият ишларини бошқаришда иштирокини кенгайтириш орқали давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишдан иборат. Ушбу мақсадни амалга ошириш учун қарорда гуруҳ олдига қатор вазифалар қўйилган. Униг функциялари ва ҳуқуқлари белгилаб берилган.

Қарорда, шунингдек, маҳалла раиси сўровини амалга ошириш тартиби аниқ кўрсатилган. Унга кўра маҳалла раиси тегишли ҳудудда жойлашган давлат органлари ва ташкилотлари мансабдор шахсларига уларнинг ваколатларига кирадиган масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки ўз нуқтаи назарини баён қилиш талаби билан сўров юборишга ҳақли.

Мансабдор шахс маҳалла раиси сўровига жавоб бериши шарт. Жавоб сўров олинган кундан бошлаб ўн беш кундан кечиктирмай, сўралган барча ҳужжатларни илова қилган ҳолда фуқаролар йиғини раисига юборилилши лозим. Жавоб хати Маҳалла назорати гуруҳи йиғилишида, зарур бўлган ҳолларда эса, фуқаролар йиғини кенгаши мажлисида маҳалла раиси томонидан ўқиб эшиттирилади.

Кўриниб турганидек, маҳаллаларга фуқаролар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, маҳалла ҳаётига тегишли бўлган барча масалалар бўйича мансабдор шахсларга мурожаат этиш, уларга маҳалла раиси сўровини юбориш ҳуқуқи берилмоқда. Хўш, маҳалла ва унинг раисининг бу ишга, яъни тўлақонли жамоат назорати ўрнатишга салоҳияти, билими, шижоати етарлими? Афсуски, бу саволга тасдиқ жавоби беришга қийналасан киши. 

Мана, ўзингиз таҳлили қилиб кўринг. “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонун қабул қилинганлигига беш ярим йил бўлди. Қонунда ҳар бир фуқаро ва маҳалла фуқаролар йиғини жамоатчилик назорати субъекти сифатида кўрсатилган. Аммо шу давр ичида бу ҳуқуқдан самарали фойдаланилдими? Қонун алоҳида модда мавжуд ва у “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан давлат органлари мансабдор шахсларининг ҳисоботлари ва ахборотини эшитиш” деб номланади. Ушбу моддадан ким ва неча марта фойдаланди?

Маҳалла назорати гуруҳи номигагина тузилмаслиги ва ўз олдида турган вазифаларни тўлақонли бажариши учун ҳуқуқ-тартибот органлари маҳаллаларга чиқиб, бунинг учун нималар қилиш бўйича тушунтириш ишларини олиб боришса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан давлат ташкилотлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати ўрнатилиши нафақат жамият учун, балки давлат ташкилотлари учун ҳам муҳимдир. Чунки жамоатчилик назорати қонунларнинг самарали ишлашини таъминлаши орқали давлат тузилмаларининг такомиллашувига мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.

Тошпўлат Раҳматуллаев,

Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Тошкентдан вилоятларга кетиш учун поезд чипталари қолмадими?

Ижтимоий тармоқларда темир йўл вокзалларида тирбандликлар ҳосил бўлаётгани ҳамда темир йўл кассаларида ва иловада темир йўл чипталари  қолмаганлиги ҳақида видео...

Больше похожих статей

×