Фарғона вилоятидаги хонадонлардан бирида 407 миллион сўмлик салют ва пақилдоқ сақланаётгани аниқланди.
Хабарда айтилишича, бошқарманинг Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари вилоят ДХХ ва Миллий гвардия билан ҳамкорликда Қўқон шаҳрида пиротехника воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйишга қаратилган навбатдаги тезкор тадбирни ўтказган. Унда фуқароларнинг яшаш хонадонлари белгиланган тартибда, холислар иштирокида кўздан кечирилган.
Натижада хонадон ҳовлисида техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинмаган ҳолда сақланаётган 2 турдаги жами 5 мингдан зиёд пиротехника воситалари борлиги аниқланган.
Манбага кўра, ушбу маҳсулотлар хорижда ишлаб чиқарилган ва тегишли ҳужжатларга эга бўлмаган. Уларнинг дастлабки қиймати 407 миллион сўмга баҳоланмоқда.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.