Жорий йилнинг 17 ноябр куни Тошкент аэропортида автобус самолёт билан тўқнашиб кетди. Бу ҳақда Uzbekistan Airways маълум қилди.
Хабарда айтилишича, Тошкент халқаро аэропортида HY054 Урганч – Тошкент рейсини бажарганидан сўнг Uzbekistan Airways авиакомпанияси мутахассислари Airbus 320 (рўйхатдан ўтиш рақами UK32022) ҳаво кемасини навбатдаги рейсни амалга ошириш учун тайёрлаётган вақтда Тошкент халқаро аэропорти автобусининг ҳайдовчиси аэродром ҳудудида ҳаракатланиш қоидаларини бузиб, самолёт билан тўқнашиб кетган. Натижада самолётнинг агрегатлари ҳаракатланаётганда ҳаво қаршилигини камайтиришга ёрдам берадиган қисми (носовой обтекател) шикастланган.
Uzbekistan Airways Technics мутахассислари ҳаво кемасининг шикастланган қисмини алмаштириш бўйича таъмирлаш ишларини олиб борди. Жорий йилнинг 18 ноябрь куни ҳаво кемасига парвозларга рухсат берилган. Соат 14:30 да Airbus A320Neo жадвалга мувофиқ парвозларни амалга оширишни бошлаган.