14 ноябрь куни Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида жойлашган “Сангардак” маҳалласга “Туризм маҳалласи” мақоми берилиши муносабати билан байрам тадбири ўтказилди. Бу ҳақда Туризм қўмитаси Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Тадбирда Туризм қўмитаси раиси Умид Шадиев, Сурхондарё вилояти ҳокими ўринбосари Ж.Тўраев, Термиз шаҳри ва Сариосиё тумани ҳокимлари ҳамда кенг жамогатчилик вакиллари иштирок этдилар.
Туризм қўмитаси раиси У.Шадиев ўз нутқида: “Президентимиз томонидан олиб борилаётган очиқлик ва яқин қўшничилик сиёсати, қолаверса, мамлакатда туристлар учун инфратузилма яратилиши, туризм ташриф объэктлари ободонлаштирилиши, транспорт-логистика тизимини яхшиланиши, виза режимини либераллашуви туризм соҳасини ривожига асос бўлди. Натижада Ўзбекистонга келаётган хорижлик сайёҳлар сони икки баробар кўпайди. Туризм экспортидан тушаётган даромад 4 баробар ўсди. Мисол учун, жорий йилнинг 10 ойи давомида 5,5 млн нафар хориж фуқаролари Ўзбекистонни саёҳат қилиш учун танлади ва 1,8 млрд. долларлик туризм хизматлари экспорт қилинди. Сайёҳлар сонини ошириш ҳамда уларга қулайлик яратиш мақсадида, “Сангардак” маҳалласи инфратузилмасини ривожлантириш бўйича “Сангардак” маҳалласига олиб борувчи 15 км ички йўл таъмирланди, 30 та тунги ёритиш чироқлари, 2 та пиёдалар кўприги, 5 та селфи ҳудуд, 2 та санитария-гигиена шохобчаси, 4 та атрационлар ва кўнгил очар масканлар, “Сангардак” маҳалласининг рамзий кириш стеллоси, 1 та туристик ахборот маркази қуриб битказилиб фойдаланишга шай ҳолатга келтирилди.
“Сангардак” маҳалласининг гастрономик ва экотуризм имкониятлари аниқланиб мазкур йўналишда туризм хизматларини ташкил этиш бўйича аҳоли орасида 18 маротаба тарғибот ишлари амалга оширилди ҳамда миллий таомлар тайёрловчи гастрохонадонлар рўйхати шакллантирилди”, -деб айтиб ўтди.
“Сангардак” маҳалласининг “Туризм маҳалласи” мақомига эга бўлиши йўлида 23 та оилавий меҳмон уйи, ҳамда 2 та санаторийлар (соғломлаштириш) ва 17 турдаги туризм хизматлари ташкил этилиб, 250 га яқин аҳоли, хотин-қизлар доимий иш ўринларига эга бўлди. Бугунги кунда қишлоқда 100 дан ортиқ тадбиркорлик субектлари мавжуд. “Сангардак” маҳалласига Хитой, Покистон, Ҳиндистон, Беларуссия, Россия ва бошқа давлатлардан хорижий сайёҳлар оқими мунтазам равишда кузатилган бўлса қўшни Тожикистон Республикасидан сайёҳлар сони икки каррага ошди.
Жумладан, 2023-йил давомида 360 минг нафар маҳаллий, 87,5 минг нафар хорижий сайёҳлар ташриф буюрди. “Сангардак” маҳалласида мавжуд 6 та маданий мерос обектлари ва диққатга сазовор жойлар, 2 та зиёратгоҳлар, 20 та табиат манзаралари (тоғ, сув, булоқ) ҳудудларларида ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. 18 та туризмга ихтисослашган обектлар туризм маршрутига киритилди.
Маълумот учун, ушбу маҳалла Сариосиё тумани марказидан қарийб 52 км узоқликдаги сўлим гўша денгиз сатҳидан 2000 метр баландликда тоғлар орасида жойлашган. Аҳолиси 3666 минг бўлиб ўзбек ва тожик миллатидан ташкил топган. Сангардак маҳалласида 4 та қишлоқ мавжуд бўлиб, асосий даромади боғдорчилиқ, чорвачиликдан, ёз ва куз ойларида дам олувчиларни қабул қилиш ва уларга хизмат кўрсатишдан иборат.
Хонадонларда мавжуд салоҳиятлардан фойдаланган ҳолда 15 турдаги туризм хизматлари ташкил этилди. Жумладан, 2 та қуроқчилик, 2 та гилам тўқиш, 3 та эчки сутидан тайёрланган қурт ва сут маҳсулотлари савдоси ва уларнинг тайёрланиш жараёни, 2 та ҳўл мева ва балиқ (форел) савдоси ва балиқ маҳсулотлари тайёрлаш бўйича мастер класс, миллий таомлар тайёрловчи 23 та гастрохонадонлар, 1 та музей, 20 та экскурсия хизмати, 10 та отда сайр, 10 та бассейн хизмати, 3 та миллий куй қўшиқлар куйлаш, 1 та каштачилик, агротуризм хизматлари (сигир ва эчки соғиш), нон ёпиш бўйича мастер класс, туризм ахборот маркази, сувенир маҳсулотлари савдоси хизматлари йўлга қўйилди.
Келгусида “Сангардак” туризм маҳалласида жой сонини ошириш, янги хизмат турларини йўлга қўйиш ва экстремал туризмни ривожлантириш (тоғларда дор йўллари) ва бу орқали маҳаллий ва хорижий сайёҳлар сонини янада кўпайтириш мақсад қилинган.