Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан республикадаги барча давлат олийгоҳларида йиллик эҳтиёжидан келиб чиқиб, 89,6 млн кВт соат электр энергиясини ишлаб чиқариш қувватига эга 44,8 МВт қуёш панелларини ўрнатиш бўйича дастур ишлаб чиқилган бўлиб, ҳозирги кунда дастурга асосан давлат олийгоҳларида жами 49,5 МВт, яъни йиллик режага нисбатан 110,5 фоиз қуёш панеллари ўрнатилди ва ушбу қуёш панелларини “Яшил энергия” ахборот тизимига тўлиқ киритилиши таъминланди.
Бундан ташқари, 13 та хорижий олийгоҳларда 916 кВт ҳамда вазирлик ва тизим ташкилотларда 540 кВт қувватга эга бўлган қуёш панеллари ўрнатилди. Бугунги кунда қўшимча равишда давлат олийгоҳлари томонидан тузилган 25,3 млрд сўмлик шартномалар доирасида яна 2,5 МВт қувватга эга қуёш панелларини ўрнатиш ишлари жадаллик билан давом эттирилмоқда.
Шунингдек, олий таълим тизимида фаолият юритаётган раҳбар ходимлар “Қуёшли хонадон” дастури доирасида ўз хонадонларида қуёш панелларини ўрнатиш ишларини амалга ошириб келмоқда. Ҳозирда вазирлик раҳбарияти ва 38 та олийгоҳлар ректорлари томонидан жами 134,8 кВт қувватга эга қуёш панеллари ўз хонадонларида ўрнатилган.
Ушбу ўрнатилган қуёш панеллари “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ тизимига уланган бўлиб, йилига 269,6 минг кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилмоқда ҳамда ўз эҳтиёжлари ва қўшимча даромад олиш имкониятини яратмоқда.