Ўзбекистоннинг Италиядаги элчиси Отабек Акбаров дипломатик миссиясини якунлаётгани муносабати билан мамлакат ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазирининг ўринбосари Эдмондо Чириелли билан учрашди. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар берди.
Қайд этилишича, Эдмондо Чириелли дипломатик миссия раҳбарининг беш йиллик фаолиятини ижобий баҳолаган ва Италия ТИВ номидан икки томонлама муносабатларни янги босқичга кўтариш, уларга кўп қиррали ва барқарор тус бериш борасидаги саъй-ҳаракатлари учун миннатдорлик билдирган.
“Ўтган йиллар давомида ташқи ишлар вазирликлари ва бошқа қатор идоралар даражасида сиёсий ҳамда институционал мулоқотлар учун мустаҳкам асос яратилди. Икки давлат парламентларида дўстлик гуруҳлари фаолият кўрсатмоқда, Ўзбекистоннинг 2 та фахрий консуллиги ташкил Флоренсия ва Миланда ташкил этилган, Италиянинг бошқа минтақаларида ҳам фахрий консулликларни очиш режалаштирилган”, — дейилади хабарда.
Бундан ташқари, турли соҳалардаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган 10 дан ортиқ янги ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар имзоланган. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш, саноат мулки, қишлоқ хўжалиги, маданият соҳаларидаги битимлар шулар жумласидандир.
Иқтисодий соҳадаги икки томонлама ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилган. Италиянинг Eni, Enel, Pietro Fiorentini, Danieli, Imagro Group, Ansaлдо Energia, Ferroli, Arsenale каби қатор йирик компания ва корхоналари Ўзбекистонда саноат-инновацион лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш ортиб бораётганини билдирмоқда. Айни пайтда Италия билан амалга оширилаётган ва ишлаб чиқилаётган лойиҳалар пакети 9 миллиард евродан ошади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон вилоятлари билан Италия ҳудудлари ўртасида, хусусан, Ломбардия, Тоскана, Венето, Умбрия, Кампания, Марке, Абруссо ва Эмилия-Романя билан тўғридан тўғри алоқалар фаоллашган.