Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан тайёрланган “Истироҳат боғлари фаолияти ва бошқарув тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси, жумладан ундаги Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ботаника институти ҳузуридаги Ф.Н. Русанов номидаги Тошкент Ботаника боғининг истироҳат боғлари қаторида Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузурида ташкил этилиши режалаштирилган Истироҳат боғлари Дирекциясига ўтказиш бўйича қарор лойиҳасига ўз муносабатини билдирди. Бу ҳақда Фанлар академияси ахборот хизмати хабар берди.
Хабарда айтилишича, қарор лойиҳаси келишув учун порталга жойлаштирилганда Фанлар академияси уни ниҳоятда салбий руҳда қабул қилган.
Ўрнатилган тартибга биноан қарор лойиҳаси идоралараро келишув тарзида амалга оширилади. Қарор лойиҳаси келиб тушган куннинг ўзидаёқ Фанлар академияси қарор лойиҳаси юзасидан Давлат активларини бошқариш агентлигининг масъул ижрочиси билан боғланди ва Ботаника боғини рўйҳатдан чиқариб ташлаш лозимлигини таъкидлади. Шундан сўнг, юқори турувчи органлар оғзаки тарзда хабардор қилинган.
Фанлар академиясининг мутаҳассислари томонидан асоснома тайёрланиб, ўрнатилган тартибга биноан белгиланган муддатдан чиқиб кетмаган ҳолда, project.gov.uz тизими орқали Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасининг 1-иловаси 193-тартиб рақам билан келган “Ботаника боғи”ни рўйхатдан чиқариб ташлаш қатъий талаб қилинди. Фанлар академиясининг эътирозларини инобатга олиб, Давлат активларини бошқариш агентлиги Қарор лойиҳасидан Ботаника боғини чиқариб ташлашига академия умид боғлади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 31 майдаги “Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-171-қарорига мувофиқ Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигига Фанлар академияси билан биргаликда “Академик Ф. Русанов номидаги Ботаника боғи фаолиятини такомиллаштириш, шу жумладан, илмий салоҳиятини кучайтириш, моддий-техник базасини яхшилаш, ҳудудларда уларнинг тажрибасини қўллаш ва филиалларини ташкил этиш” бўйича Ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди ва идоралараро келишувга жойлаштирилди.
Мазкур қарорни қабул қилиниши Ботаника боғининг имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда республикада биохилма-хиллик соҳасини илмий жиҳатдан ўрганиш тизими такомиллаштирилади ва Ботаника боғини бошқа вазирлик ва идораларга ўтказиш имкониятини чеклайди.
Мазкур вазиятга ўз муносабатини билдирган барча ОАВ вакиллари, блогер ва фуқароларга ташаккур билдирамиз, дейилади хабарда.